“Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” Аммо, қозининг ўзи калтак есачи...

Жамият

image

Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида судьялар омма олдида калака қилиниб, суд ходими калтакланиши бўйича суриштирувлар ҳам якунига етмасдан, ички ишлар ходимлари иштирокида янги можаро юз берди. Бу сафар Сирдарёда. Энди ИИВ ходимлари судьяни обрўсизлантириб ўтирмаган, оёқ остига олиб, дўппослаб қўя қолган. Шифохонада судьяга мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов мазкур ҳолатга муносабат билдириб, баъзи ходимлар форма кийган куни ўзини “Худонинг ердаги сояси” деб билаётганини урғулаб ўтган.

“Депутат сифатида мамлакатимизда бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб, ўрганиб, хато ва камчиликларни аниқлашга, керак бўлса, ечимини депутатлар муҳокамасига қўйишни вазифам деб биламан.

Кузатишимча, кейинги пайтда мамлакатимиз тинчлигига коронавирусдан-да хавфлироқ бало хавф соляпти. Бу ҳам бўлса, айрим ҳуқуқ- тартибот “посбонлари” томонидан амалга оширилаётган зўравонлик”, дейди депутат ИИВ ходимларининг бебошликлари ҳақида.

Қудратов мамлакатда фавқулодда вазият ўрнатилмаганига эътибор қаратган. У халқда “онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деган мақол бор эканини эслатиб, қозининг ўзи калтак еса нима бўлади дея савол берган.

“Шуни алоҳида айтиш жоизки, юртимизда карантин эълон қилинган, фавқулодда вазият эмас. Бу иккаласи бошқа-бошқа нарса. Чекловлар аҳоли учун бўлса, энг аввало халқнинг манфаати кўзланиши лозим.

Аммо, энг ёмони, халқнинг кўз ўнгида давлатимизнинг мустақил органи бўлган суднинг, судьяларнинг шаънини пастга уриш, уларни беҳурмат қилиш, калтаклаш рўй бермоқда.

Халқимизда “онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деган мақол бор. Аммо, қозининг ўзи калтак еса, халқ олдида сазойи қилинса, аҳолида қонунларга нисбатан ишонч қоладими?”, дейди депутат.

У сўзида давом этиб, Жарқўрғондаги воқеадан кейин одамлар ўзига келолмасидан Сирдарёда судьянинг калтакланиши ИИВ тизими тубдан чириганининг асорати эканига тўхталиб ўтган.

“Ҳали Сурхондарёнинг Жарқўрғонида бўлган воқеадан ўзимизга келмай туриб, Сирдарёда худди шунақа воқеа содир этилганининг ўзиёқ Ички ишлар органлари тизимида катта ислоҳотлар зарурлигини кўрсатмоқда.

Менимча, энг аввало, тизимга адашиб кириб қолган, форма кийган куни ўзини “Худонинг ердаги сояси” деб билаётган, қонунчиликнинг “қ” ҳарфини тушунмайдиган, халқнинг манфаати йўлида хизмат қилиши лозимлигини тушуниб етмайдиган айрим кимсалардан тозаламоқ керак.

Бўлмаса, ҳамюртларимиз ўз фарзандларини “ана мелиса келди” деб қўрқитадиган бўлишади. Ана шу кимсаларни деб, тизимда неча йиллар ҳалол хизмат қилаётган, эл тинчлиги учун жонини жабборга бераётган фидойи инсонлар шаънига ҳам доғ тушмоқда” дейди Иномжон Қудратов

Халқ вакили бутун дунёда карантин ҳукм сураётганига қарамай, ҳеч бир давлатда карантин баҳона суд ҳокимияти вакили калтакланмаганини алоҳида таъкидлаган.

“Шу ўринда бир нарса одамни безовта қилади. Бугун бутун дунёда карантин эълон қилинган. Ривожланган давлатларда ҳам, МДҲ давлатларида, учинчи дунё мамлакатларида ҳам. Аммо, бирорта давлатда полициячиларнинг суд ходимларига карантин баҳона тажовуз қилганлиги ҳақида бирор интернет манбасида ўқимадик. Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлатлар қаторидан жой олиш учун ҳаракат қилаётган бир пайтда ички ишлар ходимларининг бу қилмишлари шармандаликдан, кўрсаводликдан бошқа нарса эмас”, деган депутат.

У сўзида давом этиб, қонунчиликда судьялар ва суд ҳокимиятининг ҳуқуқий ҳимояси борасида нималар дейилганини ёдга солган.

“Ўзбекистон Республикасининг 2000 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунининг 8-боб “Судлар мустақиллигининг асосий кафолатлари” боби, 68-моддасида Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган, хусусан, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш Ўзбекистон Республикаси МЖТКга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 3 банд учинчи хатбошисида ҳам “судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш” белгиланган”, дейди Қудратов.

Депутат ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари судьяларни обрўсизлантириб турганида демократик давлат қуриш ҳом ҳаёл бўлиб қолишини айтиб ўтган. У барча зўравонлар бирдек жазоланиши кераклигига чақирган.

“Ҳуқуқ-тартибот органларининг оддий хизматчилари давлатимизда Конституция билан белгилаб қўйилган Суд ҳокимиятини тан олмас экан, қандай ҳуқуқий демократик давлат ҳақида гап бўлиши мумкин?

Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши жазога мустаҳиқдир, агар биргина зўравон жазодан қутилиб қолса, бу бошқаларига “сигнал” бўлади. Ҳар қандай зўравонликка қарши курашайликким, инсонлар қалбида жабр-зулм ва ғазаб-нафрат вужудга келишидан огоҳ бўлайлик!”, дея сўзини якунлаган Иномжон Қудратов.


Мақола муаллифи

Теглар

судья зўравонлик

Баҳолаганлар

284

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг