ОМСТ Россияни инсониятга қарши жиноятларда айблади
Олам
−
18 Июль
3989Қийноқларга қарши Бутунжаҳон ташкилоти (ОМСТ) Россия армияси ва мамлакат расмийларини 2022 йилда Украинанинг босиб олинган ҳудудларида тинч аҳолига қарши содир этилган инсониятга қарши жиноятларда айблади. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни ташкилот томонидан тақдим қилинган янги ҳисоботда сўз боради.
Ҳужжат ташкилотнинг украиналик ҳамкорлари – Инсон ҳуқуқлари бўйича оммавий ахборот воситалари ва ZMINA Инсон ҳуқуқлари маркази билан биргаликда тайёрланган. Унда Россия томонидан Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги тинч аҳолига қарши кенг кўламли ва тизимли қамоққа олиш, қийноқ, жинсий зўравонлик каби жиноятлар ҳақида маълумот берилган.
“Гап алоҳида ҳолатлар ҳақида эмас, балки Россиянинг энг юқори даражада ташкил этилган кенг кўламли ва мувофиқлаштирилган тадбирлар ҳамда мақсадли сиёсат ҳақида бормоқда”,деган ҳисобот муаллифлари.
Ҳужжат Россиянинг Украинага қарши уруши биринчи йили – 2022 йилнинг февралидан октябригача бўлган даврини ўрганади ҳамда 63 нафар гувоҳ билан суҳбатга асосланади. 38 та ҳолатда қийноқлар қўлланилган, респондентларнинг 18 фоизи жинсий зўравонликка дучор бўлган. Кўпгина интервью иштирокчилари улар билан содир бўлган воқеани ҳаётларидаги энг даҳшатли давр деб атаган.
“Тажриба қурбонларнинг руҳий ва жисмоний фаровонлигига узоқ муддатли таъсир кўрсатди, бу оғир вазн йўқотишига, ўз жонига қасд қилишга уринишларга ва баъзи ҳолларда қийноқлар ёки шафқатсиз муносабат туфайли ўлимга олиб келди”, дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда ёзилишича, Россия томонидан жиноятлар Киев, Чернигов, Запорожье, Херсон, Харьков ва Донецк вилоятларида содир этилган.
“Россия бу инсон ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиши керак”, дейилади унда.
Муаллифлар, шунингдек, Украина, Халқаро жиноий суд ва бутун халқаро ҳамжамиятни қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳолатларини текшириш, ушбу жиноятлар учун айбдорларни айблаш ва жавобгарликка тортиш, халқаро ҳуқуқий механизмлар орқали адолатни таъминлаш учун ҳолатга зудлик билан аралашишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина ҳарбий асирларни алмашишгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси