Омск нефтни қайта ишлаш заводида портлаш юз берди
Олам
−
26 Август
9688Бугун, 26 август куни Россиядаги Омск нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин юзага келди. Бу ҳақда “Om1.ru” хабар берди.
Маҳаллий ОАВнинг шаҳар аҳолисига таяниб ёзишича, ёнғиндан аввал шаҳарнинг турли қисмларида портлаш овози эшитилган. Омск нефтни қайта ишлаш заводида юз берган ҳодисалар оқибатида 7 киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Улардан бири оғир аҳволда. Омск вилояти губернатори Виталий Хоценконинг сўзларига кўра, ёнғинни ўчириш ҳали ҳам давом этмоқда, вазият назоратга олинган.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги департаменти Губкин кўчасидаги ёнғин майдони тахминан 1000 квадрат метрни ташкил қилганини билдирди.
Тергов қўмитасининг Омск вилояти бошқармаси завод ҳудудидаги ёнғин юзасидан жиноий иш қўзғатди. Қайд этилишича, иш хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги талабларини бузганликда гумон қилиниб қўзғатилган.
Ўз навбатида, завод матбуот хизмати корхонадаги технологик ускуналар ёниб кетганини маълум қилди. Завод раҳбариятининг баёнотига асосланса, ёнғин ўчирилган.
“Ёнғинни ўчиришнинг автоматлаштирилган ускуналари тезкорлик билан ёнғинни бартараф қилди”, дейилади компания хабарида.
“Baza” Тelegram-каналининг хабар беришича, Омск нефтни қайта ишлаш заводида нефтни кейинчалик қайта ишлаш учун фракцияларга ажратувчи АВТ-11 қурилмаси портлаб кетган.
Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида Россияда нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефть базаларида ёнғинлар тез-тез учрамоқда. Бундай ҳодисаларнинг энг йирикларидан бири бир неча кун олдин бошланган – 18 август куни дрон ҳужуми оқибатида Ростов-на-Дону яқинидаги нефть омборида ёқилғи ёниб кетган. Ёнғин бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери ўчирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари ракета ва учувчисиз самолётлар билан Украина энергетика объектларига зарба бергани хабар қилинганди.
LiveБарчаси