“Омикрон”. Қозоғистон қатор давлатлар фуқаролари учун “эшик”ларини ёпади
Олам
−
30 Ноябрь 2021
11154Қозоғистон ҳукумати мамлакатда коронавируснинг “омикрон” штамми пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида бир қатор давлатлардан хорижликларнинг киришини чеклашга қарор қилди. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шоранов маълум қилди.
“Омикрон” штаммининг пайдо бўлганлигини ҳисобга олиб, идоралараро комиссия 3 декабрдан чеклов чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, чоралар Ботсвана, Намибия, Лесото, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Танзания ва бошқа давлатлардан бўлган хорижий фуқароларнинг Қозоғистонга киришига чекловларни ўз ичига олади.
Шунингдек, “омикрон” штамми аниқланган давлатлардан келганлар учун ПЗР тестини тақдим этиш бўйича мажбурий талаб киритилади. Бундан ташқари, ушбу мамлакатлардан келганлар ўзларини изоляция қилишлари керак. Қозоғистон ҳукумати Миср билан авиақатновларни тўхтатишга ҳам қарор қилди.
Маълумот ўрнида, Қозоғистоннинг ўзида “омикрон” штамми ҳали аниқланмаган.
Ноябрь ойининг охирида Жанубий Африка олимлари биринчи бўлиб “омикрон” штамми пайдо бўлгани ҳақида хабар берди. Штамм жуда кўп мутацияларга эга, бу эса уни янада юқумли ва вакцина иммунитетини четлаб ўтиш учун яхшироқ мослаштириши мумкин.
Жанубий Африкадан ташқари, “омикрон” Гонконг, Австралия ва бир қатор Ғарбий Европа мамлакатларида аниқланган. “Омикрон”нинг тарқалиши туфайли Исроил чет эл фуқаролари учун чегараларини ёпган биринчи давлат бўлди.
LiveБарчаси