Омбудсманнинг ваколатлари кенгаймоқда
Жамият
−
17 Июль
4422Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар белгиланмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Бугун, 17 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Маълум қилинишича, қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 9 боб, 56 моддадан иборат. Қонун лойиҳаси билан Омбудсманнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда унда Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
Шунингдек, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига ахборот тақдим этиш тартиби мустаҳкамланяпти.
Ишчи гуруҳ йиғилишида қонун лойиҳасидаги нормалар депутатлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама қилинган. Якунда ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритишга келишиб олинган.
LiveБарчаси