Олтин нархи рекорд даражада кўтарилди
Олам
−
20 Сентябрь
8519Бугун, 20 сентябрь куни биржада олтин нархи яна бир рекорд ўрнатди. Тошкент вақти билан соат 17:12 ҳолатига кўра, Чикаго товар биржасида олтиннинг декабрдаги шартномаси нархи унция учун 2640,4 долларга етди.
Маълумот учун, 20 август куни олтиннинг декабрь фьючерслари (сотувчи ва харидор ўртасидаги қонуний шартнома) нархи бир троя унцияси учун 2570 доллардан ошган. Умуман олганда, йил бошидан буён қимматбаҳо металлар ҳосиласи нархи 26 фоизга кўтарилиб, бошқа товар активларини ортда қолдирган.
Июнь ойида ўтказилган тадқиқотга кўра, олтин хавфсиз актив сифатидаги обрўси туфайли иқтисодий ва геосиёсий беқарорлик шароитида анъанавий равишда қадри ошади. Қимматбаҳо металлнинг бошқа инвестиция воситалари билан паст корреляцияси уни самарали суғурта активига айлантиради.
Таҳлилчиларга кўра, 2024 йилнинг иккинчи ярмида олтиннинг ўртача нархи унция учун 2500 доллардан юқори нархда қолиши кутилмоқда. 6-18 ой ичида эса 3000 долларгача кўтарилиши мумкин. Қимматбаҳо металлнинг ўртача нархи жорий 2024 йил охирида унция учун 2350, 2025 йилда эса 2875 долларни ташкил қилади.