Олмос, Назарбоевлар ва қамоқ: Нажиб Раззоқ ишида кутилмаган бурилиш бўлди
Олам
−
17:15 625 2 дақиқа
Малайзиянинг собиқ бош вазири Нажиб Раззоқга уй қамоғига ўтишига рухсат берилди. Малайзия Олий суди тегишли қарорни бугун, 10 ноябрь куни қабул қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Раззоқ 2022 йилнинг августидан бери ҳибсда сақланмоқда. У 1MDB давлат жамғармаси билан боғлиқ бўлган SRC International компанияси маблағлари бўйича айбдор деб топилган. Жамғарманинг ўзи кенг кўламли коррупция можароси марказида бўлган: АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, ундан 4,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган.
Миллионлар, олмос ва Назарбоевлар оиласи билан алоқа: Нажиб Раззоқ қандай можароларга алоқадор?
Нажиб Раззоқ 2009-2018 йилларда Малайзия Бош вазири бўлиб ишлаган. У 2009 йилда Малайзия иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб қилиш мақсадида 1MDB (1Malaysia Development Berhad) суверен жамғармасига асос солган ва унга шахсан ўзи раҳбарлик қилган.
2015 йил мартида эса Раззоқнинг қизи Нуриана Нажва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоевнинг собиқ рафиқаси Майра Қурманғалиеванинг ўғли Дониёр Кесикбаевга турмушга чиққан. 2015 йил апрель – июль ойларида ОАВда Нажиб Раззоқнинг рафиқаси Росма Мансур атрофида 6,5 миллион долларлик олмос узук билан боғлиқ можаро авж олди (унинг қозоғистонлик қудалар томонидан совға қилингани ҳақидаги тахминлар тасдиқланмади). Ўша йил июлда эса “The Wall Street Journal” жамғармадан Раззоқнинг шахсий ҳисобварақларига 700 миллион доллар ўтказилганини фош қилди.
2016 йилда АҚШ Адлия вазирлиги 1MDB жамғармасидан 4,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилганини эълон қилди. 2018 йил май ойида Коррупция можаролари фонида Нажиб Раззоқ сайловда мағлуб бўлди. Сиёсатчининг хонадонидаги тинтув чоғида 273 миллион долларлик нақд пул, қимматбаҳо сумкалар ва 14 000 дан ортиқ заргарлик буюмлари мусодара қилинди.
2020 – 2022 йилларда суд Нажиб Раззоқни 1MDB’га алоқадор SRC International иши бўйича айбдор деб топди. 2022 йил августда у 12 йиллик қамоқ жазосини ўташ учун қамоқхонага юборилди (кейинчалик муддат 6 йилга қисқартирилди).
Ўтган йилнинг декабрида Раззоқ 1MDB бўйича алоҳида йирик иш юзасидан яна 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бугун, 10 ноябрь куни Малайзия суди унга қолган жазо муддатини уй қамоғида ўташга рухсат бериш ҳақида қарор чиқарди.
Live
Барчаси