Олмаота аэропортида эркак ўзига ўт қўйди (видео)

Олам

image

Кеча, 25 август куни соат 22:06 да Қозоғистондаги Олмаота аэропортининг “Т-1” терминалидаги касса ёнида бир киши ўзини ёқиб юборишга уринди. Бу ҳақда Транспорт департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, полиция ходимлари аэропорт хавфсизлик хизмати билан биргаликда зудлик билан хавфсизлик чораларини кўрди.

“Улар ёнғинни ўчирди ва тез ёрдам чақирди”, дейилади хабарда.

Эркак шаҳар шифохонасига етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан транспорт полицияси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳодисанинг барча сабаблари ва ҳолатлари аниқланмоқда.

“Ушбу ҳодиса аэропорт фаолияти билан боғлиқ эмас ва аэропорт фаолиятига таъсир қилмади. Олмаота халқаро аэропорти нормал режимда ишламоқда”, дея воқеага изоҳ берди аэропорт матбуот хизмати.

Полиция Олмаота аэропортида ўт қўйишга уринишнинг дастлабки сабабларини айтди. Билдирилишича, бу ишга эркак ва унинг турмуш ўртоғи ўртасидаги шахсий низо сабаб бўлгани дастлабки тарзда аниқланган. Воқеа бўйича барча ҳолатлар терговга қадар текширув давомида аниқланади.

Олмаота соғлиқни сақлаш департаменти матбуот хизмати бугун, 26 август куни жабрланувчи 4-сонли шаҳар клиник шифохонасига етказилгани ва жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида хабар берди.

“Унинг аҳволи ўта оғир. У Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник протоколига асосан тўлиқ даволанмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 март куни Олмаота аэропортида эркак ҳужжатларини кўрсатишни сўраган текширув ходимасини сочидан тортиб ушлаб, унга пичоқ билан таҳдид қилганди. У шунингдек, ўзида бомба борлиги ва уни портлатмоқчи эканини айтганди. Бу 67 ёшли Машраббек Баратов бўлиб, уни Муса Сайранбайули Абдурайим исмли йўловчи зарарсизлантирган. У Баратов билан суҳбатлашиб, ўзини аёл ўрнига гаровга олишни таклиф қилган, бир муддат эътиборини чалғитган, сўнг эса кескин ҳаракат билан пичоқни тортиб олган. Ўша куни, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан Муса Сайранбайули Абдурайим “Мардлиги учун” медали билан тақдирланган. Баратов эса суд ҳукми билан 11 йил йилга озодликдан маҳрум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олмаота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг