“Қизиқчилар”. Кўчани сунъий интеллектда “тозалаган” амалдор ишдан ҳайдалди
Олам
−
13 Июнь 8084 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида чиқиндиларни фотосуратдан сунъий интеллект ёрдамида ўчириб ташлаган ва ушбу фотони ҳақиқий тозалаш натижаси сифатида тақдим этган амалдор ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил май ойининг ўрталарида Threads ижтимоий тармоғининг “amiisarra” никли фойдаланувчиси Олмаотанинг Бўстонлиқ туманидаги ҳовлилардан бирининг суратларини жойлаштириб, у ерда чиқиндилар “йиллар давомида ётганини” маълум қилган.

Олмаоталик аёлнинг ушбу постига Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги муносабат билдириб, камчиликлар туман коммунал хизматлари томонидан бартараф этилганини даъво қилган. Бироқ қиз фотосуратларнинг ғайритабиий кўринаётганига эътибор қаратган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқнинг ўзи ҳам ушбу суратларни “СИ маҳсули” деб белгилаган.

“Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги менинг чиқиндилар акс этган суратларимни олиб, сунъий интеллект орқали чиқиндиларни ўчириб ташлабди ва ҳеч уялмасдан менга жавоб қайтарибди. Қизиқчилар”, деб ёзган у.
Жорий йилнинг 9 июнь куни Олмаота ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу постни жойлаштирган давлат хизматчиси сунъий интеллектдан фойдаланганини тан олган.
“Олмаота шаҳри Бўстонлиқ тумани ҳокими аппарати Левитан кўчасидаги (125-мактаб рўпарасидаги) тозалаш ишлари акс этган ва сунъий интеллект ёрдамида ишлов берилган фотосуратлар бўйича хизмат текшируви ўтказиш масаласида шуни маълум қиладики, мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказишга ҳожат йўқ, чунки давлат хизматчиси йўл қўйилган қоидабузарликни тан олди”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Хабар қилинишича, ушбу шахс билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ва шу сабабли унинг давлат органи билан хизмат муносабатлари тўхтатилган.
“Интизомий ҳуқуқбузарлик содир этилиши ҳолатларини аниқлаш ва давлат хизматчисини интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқишга қаратилган хизмат текшируви мақсадлари, мазкур ҳолатда кейинчалик амалга оширилиши шарт эмаслигини инобатга олиб, хизмат текширувини тайинлаш ва ўтказиш учун асослар мавжуд эмас.
Шу муносабат билан масала якунланган деб ҳисобланади ва қўшимча хизмат процедураларини ўтказишни талаб қилмайди”, дея маълум қилган ҳокимлик.
Live
Барчаси