Олмалиқда мактаб ўқувчиси “тарбиявий” суҳбатдан кейин вафот этдими? (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли мактабда 2009 йилда туғилган 17 ёшли қиз мактаб йўлагида ҳушини йўқотиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда эса мактаб ўқувчиси мактабда ўтказилган “тарбиявий соат”дан кейин стресс оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

“Ушбу хабарларнинг мазмунида гўёки мактабда танқидий йиғилиш ўтказилганлиги ва ушбу йиғилишда мактаб маъмурияти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ўқувчи қизларга баланд овозда “тарбиявий” соат ўтишганлиги, ушбу йиғилишдан сўнг 10-синф ўқувчиси стресс ҳолатида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқатилмоқда. Ушбу хабарга қисқача изоҳ бериш билан биргаликда, ижтимоий тармоқлардаги айрим оммавий канал юритувчиларни жиддий огоҳлантириб ўтмоқчимиз.

Гап бир инсон ҳаёти ҳақида бораётган экан, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, сиз жамоатчиликни ўзингизга қаратиш ёки шов-шув кўтаришга бўлган иштиёқингизни бир чеккага суриб туришга мажбурсиз. Сиз тарқатаётган норасмий, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёки ёлғон ахборот учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд эканлигини яна бир бора эслатиб ўтамиз. Воқеанинг қисқача тафсилотига кўра, Олмалиқ шаҳрида жойлашган 5-сонли мактабда таҳсил олувчи 9-10-11-синф ўқувчи қизлари бир-бирлари ҳақидаги турли хил миш-мишлар тарқатилиши натижасида ўзаро келиша олмай юришган”, дейди Бобур Тўлаганов. 

Унинг айтишича, ушбу ҳолат юзасидан мактаб маъмурияти, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва Ички ишлар органларининг айнан ушбу мактабга бириктирилган инспектор-психологлари иштирокида ўқувчи қизлар учун “тарбиявий соат” йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган марҳума бошқа ўқувчилар қатори айнан ушбу йиғилишга кетаётган вақтида биринчи қават йўлагида ўзини ёмон ҳис қилган ва ерга йиқилиб вафот этган. 

“Эътибор беринг, ўқувчи ҳали режалаштирилган йиғилишга киришидан аввал ушбу воқеа содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда эса танқидий тарбиявий соатдан сўнг мактаб ўқувчиси вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқатилмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда айрим ҳамкасбларимиз, оммавий ахборот воситалари вакилларидан расман тасдиқланмаган гап-сўзларни оммавий каналлар орқали тарқатмасликларини сўраб қоламиз”, дейди Бобур Тўлаганов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида 17 ёшли ўсмир ўз таниши билан аввалроқ ўртасида юзага келган низо оқибатида жанжаллашиб, хўжалик пичоғи билан унга тан жароҳати етказган ҳолда қасддан ўлдирган эди.

Жавоҳир Алиқулов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

мактаб вафот этди ўқувчи Олмалиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг