Олий таълимда коррупция. Қанча амалдор жавобгарликка тортилди?
Жамият
−
18 Январь 2020
7965Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев олий таълимдаги энг коррупциялашган йўналишлар ва жавобгарликка тортилган амалдорлар масаласига урғу берди.
18 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов қатнашди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди. олий таълим соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётганлиги, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётганлиги йиғилишда танқидий муҳокама этилди.
Коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда кузатилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келмоқда.
“Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан 3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади. Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган”, дейилади маълумотда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу йиғилишга электрон ОАВ вакиллари киритилмади ва бу ҳолатга изоҳ ҳам берилмади. Бундай ҳолатларнинг кузатилиши ахборот олишдаги шаффофлик ва холисликнинг йўққа чиқишига сабаб бўлади.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси