Олий таълимда 81 ходим порахўрлик сабабли жазоланди (видео)
Жамият
−
23 Декабрь 2646 2 дақиқа
Ўзбекистон олий таълим тизимида 2025 йилнинг 11 ойида 81 нафар соҳа ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бугун, 23 декабрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
Унга кўра, сўнгги йилларда олий таълим тизимида коррупсион жиноятлар сони сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2023 йилда 106 нафар, 2024 йилда 90 нафар, 2025 йилнинг 11 ойида эса 81 нафар соҳа ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, у “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси асосида комплекс назорат тизими жорий қилиниб, шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш мақсадида “HEMIS”, diplom.edu.uz, vacancy.edu.uz каби ахборот тизимлари ишга туширилганини маълум қилди. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида “Registrator ofis”лар ташкил этилиб, бу орқали 30 дан ортиқ давлат хизматлари “Ягона дарча” тамойили асосида электрон шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган.
Вазирлик тизимида эса “Ситуацион марказ” орқали масофавий аудит ҳамда ҳудудларда профилактик-назорат тадбирлари амалга оширилиб, натижада 113,6 млрд сўмлик молиявий хатоликлар ва самарасиз харажатларнинг олди олинган, 4,4 млрд сўмлик ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.