Олий суд: Давлатга хиёнатда айбланган эр-хотинга ҳукм ўқилди
Жамият
−
17 Июль 2020
20134Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган А.Ярбабаев ва Е.Ярбабаевага оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, бир неча ой давом этган ёпиқ суд мажлисида гувоҳлар ва судланувчиларнинг кўрсатувлари тингланиб, таҳлил қилинди. Тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг келтирган важлари текширилди.
Суд якунига кўра, судланувчи Акбар Ярбабаев ва Елена Ярбабаевани юқоридаги жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Натижада содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчиларнинг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, А.Ярбабаевга 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу иш бўйича судланган Е.Ярбабаевага эса Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ унинг тергов ва судда жиноятларни фош этишга фаол ёрдам берганлиги ва ишдаги бошқа жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, суд тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келди ва 3 йил синов муддати белгиланган ҳолда шартли равишда жазодан озод этилди.
Олий суд хабарида айбдорларнинг ёши, қаерда ишлагани ва бир-бирига қариндошлик даражаси ҳақида маълумот берилмаган. Аммо халқаро ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, Акбар ва Елена Ярбабаевалар эр-хотин. Акбар Ярбабаев Ўзбекистон қуролли кучлари штабида масъул лавозимда ишлаган.