Олимжон Ҳайдаровнинг суди бошланди. Суд адвокатнинг илтимосини рад этди
3-саҳифа
−
31 Октябрь 2023
9438Бугун, 31 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаров (1989 йилда Россия Федерациясида туғилган, блогер, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси Авазбек Эргашев раислигида кўриб чиқилмоқда.
Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланган. Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарди.
“Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги боис жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари унда кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин”, дейди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.
Эслатиб ўтамиз, Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган.
Олий суд сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, даъвогарлар орасида Қўқон шаҳри ҳокими Маъруф Усмонов ҳам бор.