Блогер Олимжон Ҳайдаровга чиқарилган ҳукм яна ўзгаришсиз қолдирилди
3-саҳифа
−
13 Март
6995Блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
11 март куни Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми ҳамда Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 28 декабрдаги ажримини ўзгаришсиз қолдирди.
Билдирилишича, ушбу ажрим устидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят ёки протест берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, блогер Олимжон Ҳайдаров 2023 йилнинг 29 июль куни жиноят содир этганликда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаров ишини кўриб чиқиш якунланиб, суд ҳукми ўқилди.
Эълон қилган ҳукмга кўра:
Олимжон Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди чиқарилиб, Олимжон Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги Олимжон Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.
Жабрланувчи С.М.га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.
28 декабрь куни блогернинг ҳимоячиси томонидан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти кўриб чиқилди. Бироқ Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
LiveБарчаси