Олимжон Ҳайдаровнинг суди санаси ўзгарди
3-саҳифа
−
30 Октябрь 2023
4675Блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан очилган жиноят иши бўйича илк суд мажлиси аввал белгиланганидек, жорий йилнинг 30 октябрь куни эмас, балки 31 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими маълум қилди.
Бўлим томонидан “fargona-jurnalist.uz” сайтига жойлаштирилган “Суд жараёни кузатиб борилади” номли хабарда Фарғона вилояти судининг ахборот хизмати маълумотига таяниб қайд этилишича, судланувчининг ҳимоячиси Жабборовнинг судга киритган илтимосномаси туфайли суд 31 октябрь куни соат 11:00 га кўчирилган.
Аввал хабар қилинганидек, блогер Олимжон Ҳайдаровнинг иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси Авазбек Эргашев томонидан кўриб чиқилади. Суд жараёни очиқ бўлиши айтилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими суд жараёни қандай кузатиб борилишига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган.
Олий суд сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, даъвогарлар орасида Қўқон шаҳри ҳокими Маъруф Усмонов ҳам бор.
LiveБарчаси