Олимжон Ҳайдаровнинг иши судга оширилди. Блогерга янги айбловлар қўйилди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, ишни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZʼга очиқлади.

10 октябрь куни тергов органи Олимжон Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган. 

Азиз Обидовга кўра, суд муҳокамаси санаси кейинроқ эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, блогер Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни жиноят содир этганликда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди.

Ҳайдаров жорий йилнинг 12 июнь куни “Қўқон Истиқлол” савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали, савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштирган.

Қўшимча равишда, блогер “Қўқон Истиқлол” савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уриниб, ўзи томонидан тайёрланган “Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?” номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига, 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, ундан умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд товламачилик Олимжон Ҳайдаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг