Олимпиададаги ўзбек “монстери”
Интервью
−
23 Сентябрь
9185Париж мезбонлик қилган XXXIII ёзги Олимпиада Ўзбекистон делегацияси учун тарихий натижа билан якунланди. Делегация ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиб, 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон жамоасининг бу натижага эришишига дзюдо жамоасининг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Дзюдо терма жамоаси 1 та олтин ва 2 та бронзани медаллар жамғармасига қўшиб қўйди. Жумладан, Олимпиадада дебют қилган -100 килограммгача вазнда иштирок этган Музаффарбек Тўрабоев баҳсларда муносиб қатнашиб, якунда бронза медалига сазовор бўлди ва ўз жамғармасига дзюдо таснифидаги барча йирик турнирлар медалларини ёздириб қўйди.
QALAMPIR.UZ Тўрабоевнинг Олимпиададан кейинги таассуротлари ва келгуси режалари билан танишиш учун унга микрофон тутди.
“Олимпиаданинг бошқа турнирлардан фарқли жиҳатини сезмадим, фақатгина номда фарқ бор, аксинча Жаҳон чемпионати гарчи олтин медаль олган бўлсам ҳам, мен учун қийинроқ ўтганди. Дунё биринчилигида энг сара 5-6 нафар спортчи медаль олади, Олимпиадада эса кутилмаган натижалар бўлади”, дейди Тўрабоев.
Шунингдек, интервью давомида 24 ёшли Тўрабоев Давлат Бобоновнинг Олимпиададаги муваффақиятсиз иштироки, Баҳодир Жалолов ва Темур Кападзе ўртасидаги тушунмовчиликка сабаб бўлган видеога тўхталди.
“Баҳодир Жалолов бошқа нарсани гапирди, Кападзе эса бошқа жиҳатга тўхталганди. Орада нотўғри талқиндаги видеолар тармоқларга тарқатилди. Темур Кападзе Олимпия шаҳарчасидаги муаммоларни айтган, Жалолов эса Ўзбекистондан спортчиларга овқатлар олиб келинганига тўхталган”, дейди дзюдочи.
Интервью давомида Тўрабоев келгуси режалари, ижтимоий тармоқларда таълимга оид фикри нотўғри талқин қилингани ва вазнини ўзгартириши билан боғлиқ саволларга жавоб берди.
Маълумот учун, Музаффар Тўрабоев 2000 йилнинг 5 апрелида Сурхондарё вилоятида туғилган. У фаолияти давомида Осиё ва жаҳон чемпиони, “Катта дубулға” ҳамда Осиё ўйинларида ғолиб бўлган.