Олимлар Ер аҳолисини 2 баравар қисқартиришни таклиф қилди
Бу қизиқ
−
16:59 4385 3 дақиқа
Сайёра ресурсларини қутқариш учун Ер аҳолиси сонини тўрт миллиард кишигача камайтириш керак. Бу ҳақда мутахассислар тадқиқотига таяниб, “Daily Mail” хабар берди.
“Бу ёвуз ғаразгўйнинг шумлик режасидай туюлиши мумкин, аммо энди олимлар сайёрани қутқариш учун Ер аҳолисини икки бараварга камайтиришимиз кераклигини таъкидлашмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, охирги юз йил ичида одамлар сони 8,3 миллиардгача ўсган. Жорий тенденция сақланиб қолса, ушбу асрнинг охирига бориб 11,4 миллиард кишилик чегарага етиши мумкин, бу эса ҳалокатли оқибатларга олиб келади.
Мақолада айтилишича, охирги эллик йил ичида карбонат ангидрид чиқиндилари икки бараварга ортган, дунёнинг биологик хилма-хиллиги ярмидан кўпроққа қисқарган, энергия истеъмоли уч бараварга ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда пестицидларни қўллаш тўрт баравардан зиёдга ошган.
“Агар кейинги икки юз йил давомида дунё аҳолиси сонини камайтиришнинг уддасидан чиқилса, бу инсониятнинг атроф-муҳитга бўлган босимини камайтиришга ва барча учун етарли миқдорда ресурс етказиб беришни таъминлашга ёрдам берар эди”, дейилади материалда.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар ушбу мақсадга мажбурлаш ёки куч ишлатишсиз эришиш мумкинлигини таъкидламоқда: аёлларга қанча фарзанд кўришни хоҳлашларини танлаш ҳуқуқини бериш туғилиш даражасини аҳолининг қайта кўпайиш даражасига яқин ёки ундан пастроқ кўрсаткичгача пасайишига олиб келади.
Маълумот учун, дунёда аҳоли сони 8,3 миллиарддан ортиқ бўлиб, уларнинг асосий қисми Осиё ва Африка қитъаларида истиқомат қилади. Тарихга назар ташланса, дунё аҳолиси 1800 йилга келибгина илк бор 1 миллиард кишилик чегарадан ўтган бўлса, кейинги икки аср давомида тиббиёт ривожланиши, гигиена шароитларининг яхшиланиши ва турмуш даражасининг ошиши ортидан мисли кўрилмаган даражада тез ўсди. Бугунги кунда сайёрадаги энг кўп аҳолига эга мамлакатлар сифатида Ҳиндистон (1,44 миллиардга яқин) ва Хитой (1,41 миллиардга яқин) эътироф этилади. Улардан кейинги ўринларни мос равишда АҚШ, Индонезия ва Покистон эгаллаб турибди.
Дунёнинг турли минтақаларида демографик жараёнлар бир хил кечмаяпти. Осиё қитъасида Ер юзи аҳолисининг қарийб 60 фоизи тўпланган бўлса, Африка минтақаси туғилиш ва ўсиш суръатлари бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таҳлилларига кўра, яқин ўн йилликларда сайёрадаги аҳоли ўсишининг асосий манбаи айнан Африка мамлакатлари бўлади. Аксинча, Европа ва Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатларида (масалан, Япония, Жанубий Корея, Италия) туғилишнинг кескин пасайиши, аҳолининг қариши ва демографик инқироз кузатилмоқда. БМТ прогнозларига кўра, дунё аҳолисининг глобал ўсиши 2080-йилларга бориб тахминан 10,3 миллиард киши атрофида ўз чўққисига етади ва шундан сўнг ўсишдан тўхтаб, секин-аста барқарорлаша бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ердан тахминан 25 ёруғлик йили узоқликда, Жираф (Камелопардалис) юлдуз туркумида жойлашган GJ 3378b сайёраси ердан ташқаридаги ҳаёт учун энг истиқболли номзодлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Янги тадқиқотнинг кўрсатишича, у ўз юлдузининг ҳаёт зонасида (яшаш учун қулай ҳудудда) жойлашган ва унда суюқ сув мавжуд бўлиши учун потенциал шароитлар бор.
Live
Барчаси