Олимлар рангини ўзгартирадиган 1600 йиллик Рим шишасини қайта ясади
Олам
−
09:09 860 2 дақиқа
Буюк Британиядаги Шеффилд университети олимлари ёруғлик таъсирида рангини ўзгартирадиган қадимги Рим шишасининг хусусиятини қайта кашф қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Гап Буюк Британия музейида сақланаётган, тахминан 1600 йиллик Ликург қадаҳи ҳақида кетмоқда. У одатий ёруғликда яшил, орқа томондан ёритилганда эса қизил рангда кўринади. Ушбу хусусият асрлар давомида тарихчилар ва шишасоз мутахассисларни ҳайратда қолдириб келган.
Олимлар жомнинг бу хусусиятини қайта тиклаш учун қадимги шиша рецептидан фойдаланган. Тажриба давомида эритилган шиша таркибига олтин ва кумушнинг нанозаррачалари қўшилган. Шиша 1000 даражадан юқори ҳароратда эритилиб, совитилганда унинг ичида нанокристаллар ҳосил бўлган.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, шиша таркибидаги заррачалар ёруғликнинг айрим рангларини тўсади. Ёруғлик шиша орқали ўтганда қизил ва тўқ сариқ ранглар кўринади, унинг юзасидан қайтганда эса яшил тус пайдо бўлади. Университетнинг кимёвий материаллар ва биологик муҳандислик мактаби техника ходими доктор Лиза Ҳолландс бу натижага эришиш узоқ ва машаққатли жараён бўлганини айтди.
“Мен учун бу мўъжиза”, деди у.
Тўртинчи асрга мансуб Ликург қадаҳи қадимги юнон афсонасига асосланган нақшлар билан безатилган. Унда Диониснинг шоҳ Ликург устидан ғалабаси тасвирланган. 2022 йилда қадаҳ халқаро экспертлар томонидан дунёдаги шишадан ясалган етти мўъжизадан бири сифатида эътироф этилган.
Лондон университети коллежининг археологик материаллар бўйича фахрий профессори Иэн Фристоуннинг таъкидлашича, Шеффилд университети олимлари ихтиро қилган шиша аввалги тажрибаларга қараганда асл қадаҳнинг яшил ва қизил рангларига яқинроқ.
Мутахассиснинг фикрича, шишанинг якуний ранги уни эритиш жараёнидаги шароитларга, жумладан, печ ичидаги жойлашувига боғлиқ бўлган. Бу эса қадимги римликларга бундай рангларни аниқ назорат қилиш осон бўлмаганини кўрсатади.
Лойиҳа доирасида шиша рассоми Эллиот Уокер ҳам қадимги жомдан илҳомланган замонавий ҳайкални ихтиро қилган. Ушбу асар 6–15 ноябрь кунлари Шеффилддаги Милленниум галереясида намойиш этилади, кейинчалик эса Turner Museum of Glass шиша музейида доимий сақланади.
Олимлар ушбу тадқиқот қадимги Рим усталари шиша тайёрлашда қандай усуллардан фойдаланганини яхшироқ тушунишга ёрдам беришини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Нил делтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси25 Октябрь