Олимлар китоб ўқишга қизиқишнинг кескин камайишидан ташвишда – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Халқаро олимлар гуруҳи ўтказган ўрганишлар сўнгги йигирма йил ичида завқ учун мунтазам китоб ўқийдиган америкаликлар сони деярли икки бараварга қисқарганини кўрсатди. Бу ҳақдаги тадқиқот “iScience” журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси томонидан ўтказилган кенг кўламли вақт тақсимоти сўрови маълумотларини таҳлил қилган. Сўровномада 2003-2023 йиллар оралиғида 15 ёшдан катта 236 мингдан ортиқ респондент қатнашган. Маълум бўлишича, агар 2000 йиллар бошида сўров иштирокчиларининг қарийб 27 фоизи ҳар куни китоб, журнал ёки электрон нашрларга вақт ажратган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич атиги 16 фоизни ташкил этган.

“Бу вақтинчалик тебраниш эмас, балки йилига қарийб 3 фоиз барқарор қисқаришдир”, дейди тадқиқот ҳаммуаллифи, Флорида университети олими Жилл Сонке.

Шу билан бирга, ўқишни давом эттираётганлар бунга бироз кўпроқ вақт ажратмоқда: ўртача кўрсаткич кунига 1 соат 23 дақиқадан 1 соат 37 дақиқагача ошган. Олимлар бу ҳолатни “қутбланиш” деб атамоқда: аҳолининг бир қисми кўпроқ ўқияпти, бироқ кўплаб одамлар умуман китобдан воз кечган.

Олимлар қизиқишнинг пасайишини рақамли ўйин-кулгилар, кутубхоналарга кириш имкониятининг чекланиши, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий омиллар туфайли бўш вақтнинг қисқариши билан изоҳламоқда.

Муаллифларнинг таъкидлашича, ўқиш – бу нафақат маданий қадрият, балки ижтимоий саломатлик омили ҳам. У когнитив қобилиятларни яхшилайди, стрессни камайтиради ва узоқ умр кўришга ҳисса қўшади.

“Бундай оддий ва ҳаммага қулай машғулотнинг йўқолиши жамият учун жиддий муаммо”, дея хулоса қилган Лондон университет коллежи профессори Дейзи Фанкур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тяньцзинь педагогика университети олимлари TikTok ва Instagram’даги қисқа видеоларга ҳаддан ортиқ берилиб кетиш нафақат ҳордиқ бағишлашини, балки миянинг ишлашини ҳам салбий томонга ўзгартиришини аниқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

тадқиқот китоб ўқиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг