Октябрь ойида Ўзбекистонда инфляция қанча бўлди?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг октябрь ойига кўра статистик маълумотларни тақдим этди. Унда қайд этилишича, ўтган ойда ўртача истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил этган. 

Йилнинг ўтган даври мойбанида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи 11,4 фоизга қимматлаган. Ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 16,3 фоизга ошган.

2018 йилнинг октябрида товар ва хизматлар нархлари ой давомида ўртача 1,3 фоизга, 2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоизга, 2017 йилнинг октябрига нисбатан эса 16,3 фоизга қимматлашган.

Ўртача ойлик нарх индекслари ўсиш суръатининг ҳисобланиш тартибига кўра, 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги истеъмол нархлари индекси 1,1 фоизни, 2018 йилнинг январь-октябрида эса 0,9 фоизни ташкил этган. Шундай қилиб, октябрь ойи давомида умумий истеъмол нархлари индекси жорий йилнинг январь-октябрь ойларидаги ўртача ойлик ўсиш суръати кўрсаткичидан 0,4 даражага юқори бўлган.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги нархларнинг энг юқори ўсиши август ойида кузатилган бўлиб, ўсиш суръати 2,9 фоиз ҳамда энг юқори пасайиш июнь ойида кузатилган бўлиб, пасайиш даражаси 0,5 фоизни ташкил этган. 

Ўтган йилнинг мос давридаги қисқа даврли ойлик истеъмол нархлари индекси динамикаси таҳлили натижаларига кўра, умумий кўрсаткичнинг энг юқори ўсиши январь ойида (2,7 фоиз), сезиларли даражада пасайиши эса июнь ойида (0,4 фоиз) қайд этилган.

Ўтган ойга нисбатан август ойидаги умумий истеъмол нархлари индекси нафақат жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомидаги, балки 2018 йилнинг январидан 2019 йилнинг октябрь ойигача бўлган даврдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб саналади.

2019 ва 2018 йилларнинг ўн ойи давомидаги қисқа даврли ойлик умумий истеъмол нархлари индекси таққослаш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўрсаткичлар орасидаги максимал чекиниш яна август ойида (2019 йилдаги 2,9 фоизга қарши 2018 йилдаги 0,3 фоиз), октябрь ойидаги фарқ эса бор йўғи 0,2 даражани ташкил этган (2019 йил октябрдаги 1,5 фоизга қарши 2018 йил октябрь ойидаги 1,3 фоиз).

Ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 2018 ва 2019 йилларнинг биринчи ўн ойи давомидаги истеъмол нархлари индекси натижаларига асосан, январь ойидан июль ойига қадар кўрсаткичлар орасидаги тафовут август, сентябрь ва октябрь ойлари ўртасидаги фарқ каби аҳамиятли эмас эди. Шундай қилиб, биринчи етти ойлик кўрсаткичлар орасидаги диапазон январь ойида қайд этилиб (2,7 фоизга қарши 1,5 фоиз ёки 1,2 даражада), август ойига келиб фарқланиш даражаси 2,0 даражани (6,2 фоизга қарши 8,2 %), сентябрь ойида 1,6 даражагача пасайиб (9,7 фоизга қарши 8,1 фоиз), октябрь ойида яна 1,9 даражагача кўтарилган (11,4 фоизга қарши 9,5 фоиз).

Ўтган йилнинг мос ойидаги кўрсаткичга нисбатан жорий йилнинг октябрь ойида йиллик умумий истеъмол нархлари индекси ўтган ойга нисбатан 0,3 даражага кўтарилган. Бунда, жорий йилнинг илк етти ойи давомида кузатилган нисбий барқарорликдан сўнг август ойида у сезиларли даражада кўтарилиб (13,5 фоиздан 16,5 фоизгача), сентябрь ойида эса бироз пасайиш ҳолати қайд этилган (16,0 фоизгача).

Сўнгги ўтган 22 ой давомидаги йиллик умумий истеъмол нархлари индексида қайд этилган юқори кўрсаткичлар ўзгаришсиз қолган: энг минимал кўрсаткич 2019 йилнинг январь ойида (13,0 фоиз), максимали эса 2018 йилнинг январь ойида қайд этилган (20,1 фоиз).

Йирик гуруҳлар бўйича нархлар ўзгаришига кўра, 2019 йилнинг октябрь ойи натижаларига асосан, ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 2,8 фоизга ошган вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотлари бор йўғи 0,7 фоизга, хизматлар нархлари эса 0,4 фоизга қимматлашган.

2018 йилнинг октябрь ойида нархларнинг кўтарилиши борасидаги етакчи поғона озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тегишли бўлиб, ой давомида нархлар ўртача 2,3 фоизга қимматлашган. Бу вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархлари ўсиш суръати 0,5 фоизни ташкил этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Статистика қўмитаси инфляция

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг