Оқ уй Путиннинг Шимолий Кореяга боришидан хавотирда

Олам

image

Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги “яхши алоқалар” нафақат Украина, балки Корея яримороли хавфсизлигига ҳам салбий таъсир қилади. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби брифингда маълум қилди.

“Бизни сафар ташвишга солаётгани йўқ. АҚШни хавотирга солаётган нарса бу Россия ва КХДР ўртасидаги муносабатларнинг чуқурлашиши, бу Украина халқига салбий таъсир қилиши мумкин. Чунки биз Россия Шимолий Корея қуролларидан фойдаланаётганини биламиз. Бундан ташқари, мазкур икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик Корея яриморолидаги хавфсизликка таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди Кирби.

Шунингдек, Жон Кирби Қўшма Штатлар ҳозир Путин ва Ким Чен Иннинг ўзаро яқинлашувини жуда яқиндан кузатиб бораётганини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, Путин шу йилнинг март ойида президентликка қайта “сайланганидан” кейин Шимолий Кореяга бораётгани ажабланарли эмас.

“Эҳтимол, Путин Пхеньян орқали бизга қарши кураш бошламоқчи. Менимча, у шундай ҳам қиляпти”, дея ўз фикрини айтиб ўтди АҚШ Миллий хавфсизлик матбуот котиби.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Путин Шимолий Кореядан қурол изламоқда. Чунки айни дамда Ғарб санкциялари туфайли Москва қурол масаласида бир қатор қийинчиликларга дуч келяпти.

Кремль, аввалроқ Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг таклифига биноан 18 июндан бошлаб Шимолий Кореяга икки кунлик сафар уюштиришини маълум қилган эди. Шимолий Кореядан кейин Путин Вьетнамга ҳам икки кунлик давлат ташрифи билан боради.

Россия Президенти КХДРга илк бор 2000 йилда, Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир билан учрашиш учун ташриф буюрганди. Мазкур икки давлат раҳбари сўнгги бор ўтган йилнинг сентябрида учрашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шимолий Корея Путин Жон Кирби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг