Оқибати ўлим билан тугаган ЙТҲлар оғир жиноятлар қаторига қўшилади

Жамият

image

Эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, беш йилдан ортиқ бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар ҳам оғир жиноятлар таснифига ўтказиляпти. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасида белгиланган.

Ушбу ўзгартириш жазо миқдори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишига оид умумэътироф этилган қоидаларга асосланади.

“Жумладан, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этилиб, оқибати ўлим ва бошқа оғир оқибат билан тугаган жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш назарда тутилган. Бугунги кунда одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятнинг унча оғир бўлмаган жиноят сифатида баҳоланиши одиллик принципига тўғри келмайди”, дейилади Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасига оид тушунтириш хатида.

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексига кўра, унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.

Оғир жиноятларга эса қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Жиноят кодекси

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг