Оилавий боғчаларга 3 ёшга тўлмаган болаларни қабул қилишга рухсат берилди
Жамият
−
15 Июль 2022
6554Эндиликда оилавий боғчалар 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кеча, 14 июль куни қабул қилинган “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан:
а) оилавий нодавлат боғчаларда:
• қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва махсус контингентлар сони тарбияланувчилар сонининг 70 фоизидан кам бўлганда, етмаган қисмига бошқа оилаларнинг болаларини қабул қилишга рухсат этилади;
• тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратишга рухсат этилади;
• тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга бюджетдан иш ҳақини қоплаш учун субсидия тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади;
б) давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган боғчаларда, оилавий боғчаларда:
• бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсацияларни ҳисоблашда 3 ёш ва ундан катта ёшдаги, лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади;
• ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаб 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади.
с) табиий газ учун компенсация марказлашган табиий газ таъминоти бўлмаган, лекин иситишнинг бошқа турларидан фойдаланаётган ДХШ асосидаги ва нодавлат боғчаларга ҳам тўланади.