Тошкентда боғча раҳбари пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
27 Март
7004Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари 4 та мактабнинг футбол майдонларини аукцион орқали ижарага олиб бериш эвазига 8500 доллар олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Олмазор туманидаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унга мансабдор танишлари орқали Шайхонтоҳур туманида жойлашган 4 та умумтаълим мактабининг футбол майдонларини аукцион орқали ижарага олиб бериш эвазига 8500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда МТТ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлардан бирининг мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мазкур бўлим бош мутахассиси билан ўзаро тил бириктирган ҳолда мактабда фаолият юритувчи ўқитувчини тумандаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари лавозимига тайинланишида ёрдам бериш эвазига ундан 15 млн сўм талаб қилиб, ушбу пул маблағини бош мутахассис орқали олган вақтида ДХХ, ИЖҚКД ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган эди.
LiveБарчаси