Оғир атлетика бўйича ЖЧдан нималар кутиш мумкин? 

Спорт

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 7–17 декабрь кунлари Тошкент шаҳри оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 6 декабрь куни беллашувлар ўтказиладиган “Юнусобод” спорт мажмуасида ЖЧ олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Ташкилотчиларга кўра, дунё биринчилигида 80 га яқин мамлакатдан 400 дан зиёд спортчи ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боради.

Маросимда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ҳасан Жалуд ва Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев иштирок этди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон терма жамоаси 14 та иштирокчи билан баҳсларга киришади. Токио Олимпиадаси рекордчиси Муаттар Набиева оила қургани сабабли мусобақада иштирок этмаслиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари бир  нечта ёш спортчилар Саудия Арабистонида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашгани учун таркибга жалб этилмаган.

Жаҳоннинг энг кучли оғир атлетика терма жамоалари қаторида турувчи Хитой делегацияси мамлакатдаги карантин чекловлари туфайли Тошкентга келмаслиги маълум бўлди. Шаҳрулло Маҳмудов ва Муҳаммад Ҳасан Жалудга кўра, бу мусобақанинг даражасига таъсир этмайди.

Бундан ташқари, 1996 йилги Атланта Олимпиадасида Россия терма жамоаси сафида кумуш медални қўлга киритган, асли ўзбекистонлик  Сергей Сирцов, 1988 йилги Сеул Олимпиадаси вице-чемпиони, андижонлик Наиль Муҳамедяров ҳамда 3 карра Олимпиада ва 5 карра Жаҳон чемпиони, туркиялик Ҳалил Мутлу фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган.

2018 йили жаҳон чемпионати Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида, бир йилдан кейин эса Таиланднинг Паттайя шаҳрида ўтказилган. 2021 йилги дунё биринчилиги Перу пойтахти Лима шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган, бироқ мамлакатдаги пандемия ва карантин чоралари сабаб, бундан 3 ой илгари Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) турнирни Тошкентга ишониб топширган. 

ЖЧ якунига етгач, жорий йилнинг 20-21 декабрь кунлари Халқаро оғир атлетика федерациясининг конгресси ҳам ўтказилади. Унда ташкилотнинг олдиндаги режалари ва ўтказилиши кутилаётган мусобақалар муҳокама қилиниши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 109 кг вазн тоифасида Рио-2016 ва Токио-2020 чемпион ва рекордчилари Руслан Нуриддинов (жаҳон рекорди ҳам унга тегишли) ва Акбар Жўраев иштирок этади. Шунингдек, Адҳамжон Эргашев (67 кг), Достон Ёқубов (67 кг), Муҳаммадқодир Тоштемиров (81 кг), Сарварбек Зафаржонов (89 кг), Отахон Имомов (89 кг), Қурбонмурод Намозов (96 кг), Ҳожиакбар Олимов (96 кг) Мирҳосил Мирзабоев (+109 кг) қизлар ўртасидаги беллашувларда эса Зуҳра Отажонова (49 кг), Жамила Панфилова (55 кг), Кумушхон Файзуллаева (71 кг) ҳамда Турсуной Жабборова (87 кг) медаллар учун кураш олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Оғир атлетика Руслан Нуриддинов Акбар Жўраев Шаҳрулло Маҳмудов Муҳаммад Ҳасан Жалуд Баҳром Мендибоев

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг