Одамлар ёппасига Киевдан қочиши мумкин
Олам
−
06 Ноябрь 2022
40280Украина Россиянинг ракеталари томонидан жиддий шикастланган электр тармоғини сақлаб қолиш учун курашаётган бир пайтда, пойтахт Киев расмийлари бир вақтлар ақлга сиғмайдиган имкониятни режалаштиришни бошлаганларини айтишмоқда. Яъни, шаҳар электр энергиясидан узиладиган бўлса, тахминан 3 миллионга яқин инсон эвакуация қилинади. Бу ҳақда “Тhe New York Times” нашри ёзмоқда.
Украинанинг энергетика инфратузилмасининг 40 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган вазият шу қадар оғирки, шаҳар ишчилари 1000 та иситиш маскани қурмоқда. Шунингдек, улар бункер вазифасини ҳам ўтайди. Муҳандислар эса зарур жиҳозларсиз бомбардимон қилинган электр станцияларини тузатишга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Украинанинг Миллий энергетика компанияси электр тармоғининг бутунлай ишдан чиқишига йўл қўймаслик учун еттита минтақада электр энергиясини ўчиришда давом этишини айтди.
Украинанинг электр энергия билан таъминлаш қобилиятидаги жиддий таранглик Россия кучлари томонидан мамлакат бўйлаб муҳим энергетика инфратузилмаларининг кенг миқёсда бомбардимон қилиниши натижасидир. Таҳлилчилар фикрича, Россия Президенти Владимир Путин қўшинлари жанг майдонида бир неча бор муваффақиятсизликка учрагани учун шундай тактикани қўлламоқда.
Қиш яқинлашар экан, Киевда тинч аҳолини Россия ракеталаридан ҳам ҳимоя қила оладиган 1000 та иситиш бошпаналари тайёрланмоқда. Уларнинг аксарияти таълим муассасалари ичида, бироқ расмийлар осон нишонга айланмаслиги учун уларнинг аниқ манзиллари ҳақида хабар бермасликни сўраган.
Киев муниципал ҳукуматининг хавфсизлик бўйича директори Роман Ткачукнинг сўзларига кўра, Россия ҳужумларни давом эттирса, Киев бутун электр тизимидан маҳрум бўлиши мумкин.
“Биз тушунамизки, Россия бундай ҳужумларни давом эттирса, биз бутун электр тизимимиздан маҳрум бўлишимиз мумкин", деган Ткачук.
Унинг таъкидлашича, пойтахт расмийлари электр тармоғи ишдан чиқиш арафасида тургани ҳақида камида 12 соат олдин хабар олишлари мумкин. Агар вазият шу даражага етса, одамлар огоҳлантирилади ва уларнинг Киевни тарк этиши сўралади. Ҳозирда энергия билан боғлиқ вазиятни бошқариш мумкин ва кўп сонли тинч аҳолининг Киевдан қочиб кетаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо электр билан таъминлаш узиладиган бўлса, вазият тескари томонга ўзгаради.
“Электр энергияси бўлмаса, сув ҳам, канализация ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳозирда ҳукумат ва шаҳар ҳокимияти электр таъминоти тизимимизни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўрмоқда”, деган Роман Ткачук.
LiveБарчаси