Одамлар 2,5 миллион ойликка қандай яшаяпти?
Жамият
−
20 Ноябрь 2023
228621 декабрдан ойликлар ва пенсияларнинг оширилиши ҳақидаги хушхабар ҳаммани хурсанд қилди. Афсуски, орадан бир неча кун ўтиб, бозордаги нарх-наволарнинг ҳам ошишини, камига жарималарнинг кўтарилишини ҳам эшитдик. Хўш, ўзи бугунги кунда одамлар қанча ойлик олади? Топган пулини рўзғоридан орттира оладими? Ўзбекистон шароитида бир ой яшаш учун қанча пул топиш керак? QALAMPIR.UZ шу каби саволлар билан одамларга юзланди.
Бир ой яхши яшаш учун қанча маблағ топиш кераклигини ҳар ким ҳар хил чамалади. Кўпчилик, топаётган 2-3 миллион сўмлик маоши рўзғорига етаётганини айтди.
“Бир ойда насиб бўлса, 3-4 миллион топаман. Рўзғорга, дам олишга ишлатаман. Ўзбекистонда энг камида 5-6 миллион бўлса, рўзғорга, “свет”га, газга, яхши кийинишга, яхши яшашга етади”, дейди аҳолидан бири.
Бошқа бир респондент эса бериладиган пенсия бир ойлик еб-ичиш харажатлари учун ҳам етмаслигини қатъий таъкидлади.
“Мен пенсионерман. 1 миллионга яшаса бўладими? Сизга шу савол. Яхши яшаш учун пенсионер камида 3 миллион олиши керак. Ҳозир бойлар бор, камбағаллар бор. Ўрта қатлам қолмади. Кимдир бориб ҳар куни камида юз минг сўмга овқатланади. Мен, масалан, кунига 25 мингга битта шўрва ва 3 мингга яримта нон оламан. Кунига харажатларим учун камида 30 минг сўм керак . Менинг ҳолатим-ку нисбатан яхши. Мен ишлаяпман. Бошқалар қандай яшаяпти?” дейди у.
Бошқа бир аҳоли вакили эса “Қанча пулга яхши яшаса бўлади?” деган саволга қуйидагича жавоб берди:
“2,5 миллион эмасда, аниқ биламан. Ҳеч бўлмаганда 10-12 миллион сўм олиш керак. Аҳолининг 20 фоизи етарли даражада ойлик оляпти. 50 фоизи бизнес билан шуғулланяпти, қолган 30 фоизи эса оч қолиб кетмаслик учун ўлганининг кунидан ишлаяпти. 5 миллион сўм иш ҳақи олсангиз, касал бўлишга ҳаққингиз йўқ. Бирон жойга бориб ўтира олмайсиз. Кийим-кечакни қараб киясиз: камида 5 йил кийишингиз керак. Яхши-ёмон кунга орттириб қўйишни эсдан чиқарса ҳам бўлади. Машина ҳайдашни телевизорда кўриб ўтираверасиз”, дейди у.
Респондентларнинг орасида танқидий гаплари ОАВда чиқишига ишонмаганлар ҳам топилди.
Натижаларга кўра, аҳолининг катта қисми ўртача 5-6 миллионга яхши яшаса бўлади, деб ҳисоблайди. Улар орасида, шунингдек, бундай шароит учун ойига 15-20 миллион керак, деб ўйлайдиганлари ҳам бор. Афсуски, одамларнинг ҳаммаси ҳам маошининг миқдори ҳақидаги саволларга аниқ жавоб беришни истамади.
Аҳоли орасида 500 минг сўм пенсияга кун кўрадиганлари ҳам, 1 ойда 15 миллионни нақд қилиб қўядиганлари ҳам бор. Кимдир топган пулини базўр етказяпти, яна кимдир ҳаётидан рози. Сиз-чи? Бир ойда қанча пул топасиз? Бу оила тебратишга етадими? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг!