Одамлар 100-200 кишилик тадбирларни ўтказиш йўлларини излашмоқда – Алишер Қодиров

Жамият

image

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 15 мартидан тўйлар ўтказишга рухсат берилди. Бунда тўй маросимлари фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан ошмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгиланди.

Аммо тўй ўтказишни режалаштирган фуқаролар меҳмонлар сонини ошириш йўлларини қидира бошлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров тўйлар ҳақида фикр билдириб, айтиб ўтди.

“Сайловчиларнинг саволларидан маълум бўлмоқдаки, одамлар 100-200 кишилик тадбирларни ўтказиш йўлларини излашмоқда: “30 тадан 5 марта йиғса нима бўлади?", “Алоҳида уйларда ўтадиган тадбирларнинг ҳисоби бирлашадими?”, “Ҳовлимга 300 нафар одам сиғади, хавфсизликни таъминлайман, рухсат бўладими?", “Маҳалла раиси билан нозирни кўндириб, ими-жимида ўтказиб олсак, ким эътироз қилади?” ва ҳоказо...”, дейди депутат ўзига келаётган саволларга тўхталиб.

Қодиров уйда кўп одамни жамлаш давлатга эмас, аввало фуқароларнинг ўзига зарар эканини айтиб, бунга қатор мисолларни келтирган:

Биринчидан, таклиф этилганларни соғлом эканлиги, яъни вирус ташувчи эмасликларига кафолат беролмайсиз;

Иккинчидан, агар вирус сизнинг тадбирингизда тарқалса, хасталарнинг даволаниш харажатлари зиммангизга юкланади;

Учинчидан, уларнинг орасида катта эҳтимол билан оилангиз аъзолари ҳам бўлади;

Тўртинчидан, жарима тўлайсиз”, дейди депутат ва биргина тўй шунча эҳтимолий муаммога арзийдими, дея саволга тутган.

Шундан сўнг, депутат тўй ўзи нимаю нега кераклиги ҳақида фикрларини билдиради. Қодиров ўзбек тўйлари ҳақида аччиқ ҳақиқатга ҳам тўхталган. Тўй рақобат майдонига айланиб қолган. Кимўзарга тўй қилиш авж олган. Депутат шундай дейди:

“Қолаверса, масала вирусда ҳам эмас! Тўй нима ўзи? Икки ёш инсоннинг оила қуриш қарорини элга эшиттириш тадбири. Бу мақсадга никоҳни қайд этиш ва никоҳни ўқиш маросимларида иштирок этадиган ҳар икки томоннинг вакил-гувоҳлари воситасида эришиб бўлинади. Дастурхон - ихтиёрий, имкониятлар билан боғлиқ масаладир. Фарзандларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган ота-оналар совғаларини, ёш оилага мадад бўлмоқчи бўлган қондошлар тўёналарини ҳаммага кўрсатмасдан, ёшларга беришса, бехаражат ва фойдалироқ бўлмайдими? Ёшлар яхшигина сармоя билан, хотиржам катта ҳаётга қадам қўйиш имкониятига эга бўладилар.

Афсус, шу ихтиёрий қисм “орзу-ҳавас"ларнинг рақобат ритуаллари ва ижарага олинган обрўни кўз-кўз қилиш майдонига айланиб, унда ёш оиланинг мурғак ҳаваслари кўпкарига ташланган улоқчадек чилпарчин бўлиб кетаяпди. Ёш оила кимўзарчи ота-оналар “кўмагида” очофат ва ялтироқ исрофдан қарзга ботиб қоляпти. Соҳта ва бефойда эътироф илинжида жамиятнинг асосий устуни ҳисобланган оиланинг пойдевори қумдан бўлиб қолаяпти ва биринчи синов шамолидаёқ сочилиб кетаяпти”.

У тўйлардаги дабдабабозлик мамлакат ривожига жиддий таъсир қилаётганини, бошқа давлатлар аллақачон келаак режаларни тузиб қўйганини урғулаган. Қодиров сўзи сўнгида мамлакатни ўзгартириш учун одамлар ўзини ўзгартириши кераклигини айтган.

“Ким нима экса шуни ўради. Ўзбек халқи юз йилдан бери ҳеч нарса ўрмаяпти. Баъзи халқлар аллақачон келажак ҳисобини якунламоқдалар... ҳатто бизнинг ўрнимизга ҳам. Тўй-маъракалардаги хўжакўрсин рақобатдан бош кўтариб, тарбия, илм-маърифат, иқтисодий тараққиёт йўлида ҳаракат ва рақобатга кеч қолмаяпмизми? 

Японларда жуда қизиқ бир халқ мақоли бор экан: “Оталарнинг пулига тўй қилганларнинг набиралари гадойлик қиладилар”. 

Ўзбекистонни ўзгартириш учун ўзимизни ўзгартиришимиз керак”, дея сўзига якун ясаган депутат.

Аввалроқ, "Менинг фикрим" мурожаатлар порталида карантин тугаганидан кейин ҳам тўйларни 30 киши билан ўтказиш тартибини сақлаб қолиш таклиф қилингани ҳақида хабар бергандик. Таклиф яхши ҳам дейлик. Аммо одамлар ўша чеклов ёки Ҳукумат талабисиз ҳам 30 киши билан тўй ўтказиши мумкин-ку.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров тўй

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг