Одам савдоси жинояти учун жазо кучайтирилади
Жамият
−
21 Декабрь
1346Бугун, 21 декабрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” масаласи маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинган. Қонун билан одам савдоси жиноятини ҳомиладор аёлга нисбатан содир этган шахсларга оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилаётганлиги қайд этилган.
Сенаторлар томонидан мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга, уларга қарши самарали курашишга, бундай қилмишлар учун мутаносиб жазо чоралари белгиланишига, қолаверса, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилган.
Муҳокама якунида эса қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида 23 ёшли аёл ўзининг 2024 йилда туғилган қиз фарзандини 15 минг АҚШ долларига пуллаш эвазига Термиз шаҳридан уй-жой сотиб олмоқчи бўлган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
LiveБарчаси