ОЧЛ: “Насаф”нинг рақиби маълум. “Пахтакор” 3-саватчадан жой олди (фото)
Спорт
−
07 Январь 2022
82102021 йилги Ўзбекистон Кубоги соҳиби “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имкониятга эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистонлик футбол мутахассиси, 2022 йилги жаҳон чемпионатининг менежери Алишер Никимбаев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
ОФК қитъа миқёсидаги энг нуфузли турнир қатнашувчиларининг якуний рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Эрон икки гранд клублари – “Истиқлол” ва “Персеполис” лицензиясидан маҳрум қилингани боис, Эрон жорий мавсум гуруҳ босқичида атиги иккита квотага эга.
Бундан ташқари, Ироққа берилган плей-оффдаги бита ўрин олиб ташланди. Натижада, Қатарнинг “Ал Гарафа” клуби тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига йўл оладиган бўлди. “Насаф” эса жорий йилнинг 15 март куни ўтиш ўйинида БААнинг “Банияс” жамоасига қарши майдонга тушади.
Шунингдек, ОЧЛга тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритган “Пахтакор” клуби 3-саватчадан ўрин олган. “Насаф” ва “Банияс” учрашуви ғолиби эса 4-саватчага жойлашади.
Эслатиб ўтамиз, агар “аждарлар” плей-оффда ғалаба қозонса, Ўзбекистон Суперлигасида 2-ўринни эгаллаган Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ОФК кубогида иштирок этади.
Маълумот учун, Осиё Чемпионлар лигаси гурух босқичига қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 17 январь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади.