“Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси кимларнингдир “чўнтаги”га хизмат қилмайдими?
Жамият
−
21 Апрель 2020
8177“Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси нодавлат-нотижорат ташкилоти эмас, у бюджетдан ташқари жамғарма бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Адлия вазирлиги томонидан интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси давлат рўйхатидан ўтказилгани билан боғлиқ ахборот юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги 228-сон қарорида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасини ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорга асосан, жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилади.
Шунга кўра, жамғарма юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талаб қилинмаслиги ҳамда у адлия вазирлигидан (шу жумладан, нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида) давлат рўйхатидан ўтмаганлиги маълум қилинади.
Ижтимоий тармоқда давлат органлари таъсисчилигида такрорланувчи вазифаларга эга фондлар (нодавлат-нотижорат ташкилотлари) Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилаётгани билдирилган.
Ушбу ўринда эътиборга бериш лозимки, Жамғарма жамоат фонди ёки нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳисобланмайди. Шунингдек, унинг вазифаси мавжуд ижтимоий йўналтирилган давлат ва нодавлат ташкилотларнинг вазифа ва функцияларини айнан такрорламайди.
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига асосан жамғарма Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг юқоридаги қарорда назарда тутилган тегишли манбалар ҳисобидан вазирлик тасарруфига келиб тушадиган маблағларни йиғиш ва улардан фойдаланиш учун тузилган бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, “Нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига кўра, жамоат фонди жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.
Шунга кўра, Адлия вазирлигидан бевосита давлат органлари таъсисчилигидаги жамоат фондлари давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасини ташкил этиш ҳақида хабарлар чиққанда, жамоатчиликнинг айрим фаоллари бу жамғарма ҳам кимларнидир шахсий манфаатлари йўлида ишламасинда, деб ўз ҳавотирларини билдирганди.
Одатда, бу жаҳон тажрибасида ҳам бор, нафси оч айрим амалдорлар бундай жамғармаларни нодавлат нотижорат ташкилоти (ҳаммаси эмас, баъзилари) сифатида ташкил қилиб, ўз манфаати йўлида ишлатади. Бироқ вазирликка кўра, мазкур жамғарма бюджетдан ташқари жамғарма бўлиши айтилмоқда.
LiveБарчаси