Обамадан Бушгача. Эрон суди АҚШ расмийларини 313 млн доллар товон тўлашга ҳукм қилди
Олам
−
26 Апрель 2023
5485Эрон суди АҚШ ҳукумати ва бир қатор АҚШ расмийларини, жумладан, собиқ президентлар Жорж Буш ва Барак Обамани 2017 йилда Теҳронда содир бўлган террорчилик ҳужумлари учун тахминан 313 миллион доллар товон тўлашга ҳукм қилди. Бу ҳақда Эрон суд тизимига алоқадор “Mizan” ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ ҳукумати, бир қатор Америка расмийлари ва тузилмаларига қарши даъво ҳужумда ҳалок бўлганларнинг оилалари томонидан қўзғатилган.
Хусусан, АҚШнинг собиқ президентлари Обама ва кичик Буш билан бирга Теҳрондаги теракт иши бўйича айбланувчилар рўйхатига АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA), АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ва унининг собиқ қўмондони Томми Фрэнкс, Ғазначилик департаменти, Lockheed Martin ва American Airways Groupe каби ташкилотлар ҳам еиритилган. Бу шахслар ва тузилмалар гуруҳи террорчилик гуруҳлари, жумладан, ИШИД жангарилари ташкил этиш ва бошқаришда асосий роль ўйнаганликда айбланган.
Суд АҚШ ҳукумати, муассасалар ва мансабдор шахсларини етказилган моддий зарар учун 9 миллион 950 минг доллар, маънавий зарар учун яна 104 миллион доллар, жазовий зарар учун эса 199 миллион доллар товон тўлашга ҳукм қилган. Бу маблағларнинг барчаси Теҳрондаги терактда ҳалок бўлганларнинг оилаларига тўланиши айтилган.
Маълумот учун, 2017 йил 7 июнь куни Теҳронда содир бўлган теракт оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, яна 43 нафар Эрон фуқароси жароҳат олган. Ўшанда Эрон парламенти ва Ҳумайний мақбарасига қатор ҳужумлар уюштирилган. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.
LiveБарчаси