ОАВни молиявий томондан “ўлдирадиган” қонунга қаршимиз — Алламжонов депутатларни “тузлади”

Жамият

image

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари биринчи ўқишда “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилибди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур қонун қабул қилинганига муносабат билдириб, уни матбуотга жиддий молиявий зарар келтириши мумкин бўлган ҳужжат деб баҳолади.

“Биздан ҳам бу борада таклиф сўрашган эди. Лекин тушунишимизча, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бизнинг таклифларни киритмаган ёки яна бошқа сабаб бор. Ҳозирча бизга бу қоронғу. Ваҳоланки, Бош вазиримиз бошчилигида ўтказилган йиғилишда ушбу масала муҳокама қилиниб, матбуот соҳасидаги қонун лойиҳаси, албатта, матбуотчилар билан келишилган ҳолда, уларни “ўлдириш” эмас, балки молиявий ривожланишига омил бўладиган кўринишда киритилиши кераклиги таъкидланган эди”, дейди Алламжонов.

Фонд раиси сўзида давом этиб, депутатларни бирор ҳужжатни қабул қилишда масъулиятли бўлишга ва қонунлар оқибатини ўйлашга чақирган. Алламжонов депутатларнинг мақсади тушунарсиз эканини таъкидлаб, шундай дейди:

“Депутатларимиз ҳам бирор хужжат қабул қилишдан олдин, сал масъулиятни ҳис қилиб, ўша қонунлар оқибатини ҳам ўйласалар яхши бўларди. Туппа-тузук ишлаб турган тизимни бузишни кимга кераги бор? Ушбу ҳужжат 98,4 фоиз овоз билан биринчи ўқишда қабул қилинибди. Бу дегани деярли ҳеч ким қарши бўлмаган бу чекловларга. Мақсадингиз тушунарсиз”.

Алламжонов депутатлар маъқуллаган персоналлаштириш тўғрисида қабул қилган қонун ҳам умуман ишламаётганига эътибор қаратган. Унга асосан ҳозирда барча гигант IT-компаниялар ва ижтимоий тармоқлар, жумладан, Google Facebook, Instagram, TikTok, YouTube ва “Yandex деньги” каби банк тўлов тизимлари кабилар ўз серверларини Ўзбекистон худудига ўрнатишлари акс холда жаримага тортилиши ва ишлай олмаслиги керак. 

“Ваҳоланки, Facebook, Google ва бошка ижтимоий тармоқ ва платформалар нафақат жарима, балки вазирликлар сўровига жавоб ҳам бермаяпти. Шартимизга гигантлар кўнмаса, эртага нима бўлади? Яна ўчириб қўямизми? Балки Шимолий Кореяга хавас қилаётгандирсиз? Албатта, бу бошқа масала.

Ҳурматли депутатлар, агар маҳаллий матбуот ўлса, эртага, ҳатто, ўз сайлов кампаниянгизни ҳам чет эл матбуоти орқали ялиниб, ёлвориб амалга оширишингизга тўғри келиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, ўзи шундоқ ҳам осон бўлмаган кунларни бошидан ўтказаётган давлат бюджетига ҳам сезиларли зарар келтиради бу ҳужжат”, дея эътирозларини билдиради фонд раҳбари.

Алламжоно хусусий телеканаллар бюджет пулига эмас, фақатгина реклама орқали кун кўриши ва ривожланишига ҳам тўхталиб ўтган.

“Агар рекламага ўйлаб, ўйламай тўсиқлар қўйилса, яна ҳамма кабель телеканаллари, Россия ва хориж каналларини кўришга ўтади, улар ғояси билан боқилади. Ёки шуми мақсад?

Масс-медиа фонди ушбу қонун лойиҳасига мутлақо қарши. Биз барча матбуотчилар номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатдан журналистларни қўллаб-қувватлаш, унинг ривожига ғов бўладиган, уни молиявий жиҳатдан “ўлдирадиган” қонунлар қабул қилиш ва маъқуллашнинг олдини олишни сўраб қоламиз”, дея сўзини якунлаган Комил Алламжонов.

Қонун лойиҳасининг 18-моддасида янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувлар, реклама роликлари ва блоклари, телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмаслиги белгиланган. Дори воситалари рекламаси бўйича ҳам қатор тақиқлар ўрнатилмоқда. Бу тақиқлар ОАВнинг молиявий ҳолатига жиддий зарар етказиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

реклама Комил Алламажонов

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг