“Open budget” бўйича ноқонуний реклама қилган вайнерлар огоҳлантирилди

3-саҳифа

image

“Ташаббусли бюджет”да пул эвазига овоз беришни реклама қилган айрим блогерларга огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қўмита маълумотига кўра, ўрганишлар давомида айрим таниқли блогерлар учинчи шахслар манфаатини кўзлаб, норасмий ботлар орқали маълум ҳақ эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақидаги рекламаларни тарқатгани аниқланган. Рекламаларда “расмий” деган сўзлар ҳамда “Очиқ бюджет” порталининг логотипига ўхшаш белгилар қўлланилгани фуқароларни адаштириш эҳтимолини оширгани қайд этилган.

Хусусан, ўтказилган мониторинглар натижасида utkir_shodmonov (Ўткир Шодмонов), Mominlive.1 (Абдурасул Иброҳимов), Aslbek_emir (Асилбек Амиров) ва jasjannew (Жасур Шодиев) каби блогерлар норасмий ботлар орқали пул эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатгани аниқланган. Уларга огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилган, шунингдек, мазкур рекламалар олиб ташланган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фуқароларни “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ноқонуний рекламаларга ишонмасликка чақирган.

Маълум қилинмшича, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларнинг бюджет жараёнларида иштирокини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида аҳоли ўз ҳудудидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни илгари суриши ва улар учун овоз беришда қатнашиши мумкин. Бунда овоз бериш мутлақо ихтиёрий бўлиб, бунинг учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва моддий рағбатлантириш назарда тутилмаган.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Telegram-ботлар орқали “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз бериш эвазига пул мукофоти ваъда қилинаётган ҳолатлар кўпайган. Қўмита бундай эълонлар фуқароларни чалғитиши, лойиҳа шаффофлигига путур етказиши ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси фуқароларга бир қатор муҳим эслатмаларни берган. Унга кўра:

  • “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз бериш фақат “Очиқ бюджет” ахборот портали, унинг Android ва iOS мобил иловалари ҳамда Telegram’даги расмий бот орқали амалга оширилади;
  • амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди, шунингдек, овоз берган фуқароларга моддий рағбатлантириш берилмайди;
  • норасмий ботлардан фойдаланиш ёки улар орқали тарқатилаётган маълумотларга ишониш жараённинг қонунийлигига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Рақобат қўмитаси фуқароларни “Ташаббусли бюджет” жараёнида фақат расмий манбаларга ишонишга, турли норасмий таклифларга алданмасликка ҳамда шундай ҳолатларга дуч келганда тегишли идораларга хабар беришга чақирган.

Шунингдек, қўмита “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинглар давом эттирилишини, норасмий ботлар, пул эвазига овоз бериш ёки фуқароларни чалғитувчи реклама ҳолатлари аниқланса, ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб 3 августига қадар ташаббускор фуқаролар ўз ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва лойиҳаларини Openbudget.uz портали орқали тақдим этишлари мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг