ОТМ ректорларини тайинлаш тартиби ўзгарди
Жамият
−
12 Июль 2019
6829Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Презденти Шавкат Мирзиёев “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарорга кўра, қуйидагича тартиб ўрнатилади:
а) олий таълим муассасаларининг тузилмалари тегишли олий таълим муассасалари ректорлари (маҳаллий олий таълим муассасалари филиаллари директорлари) томонидан олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
б) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ректори (хорижий олий таълим муассасаси филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
в) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг проректорлари (маҳаллий олий таълим муассасасининг филиали директори, унинг ўринбосарлари, хорижий олий таълим муассасаси директори ўринбосарлари) олий таълим муассасаси ректорининг тавсиясига асосан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бунда:
• ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
• ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши;
• илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади;
г) олий таълим муассасалари:
• ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари раҳбарлари, академик лицейлар директорлари, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
• факультет деканлари олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
д) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
е) касб-ҳунар таълими муассасалари:
• директорлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
• директорининг ўринбосарлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда касб-ҳунар таълими муассасалари директори томонидан, шунингдек, академик лицей директори ўринбосарлари олий таълим муассасаси ректори билан келишилган ҳолда академик лицей директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.