Нурсултон Рўзибоевнинг рақиби маълум бўлди. У Муродов учун реванш олиши мумкин
Спорт
−
19 Июль 2023
11982Нурсултон Рўзибоев UFC'даги навбатдаги жангини қачон ва кимга қарши ўтказиши маълум бўлди. Бу ҳақда ММА инсайдери Марсель Дорф хабар берди.
Унга кўра, ўзбекистонлик UFC жангчиси жорий йилнинг 4 ноябрь куни Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида жойлашган “Ibirapuera Gymnasium” мажмуасида навбатдаги UFC Fight Night мусобақасида октагонга кўтарилади. Ўша куни унга маҳаллий спортчи Кайо Борральо рақиблик қилади. Мазкур жанг орқали Нурсултон бошқа бир ўзбекистонлик жангчи учун реванш олиш имкониятига эга бўлади.
Гап шундаки, 2022 йилнинг 22 октябрь куни Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC 280 турнирида Маҳмуд Мурoдов ҳам айнан Кайо Борральога қарши жанг ўтказиб, тўлиқ давом этган баҳсда ҳакамларнинг қарори билан мағлубиятга учраган эди.
Маълумот учун, Рўзибоев бунга қадар 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангида ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган. Унинг UFC'даги натижаси 1-0 ва Рўзибоев ҳам промоушендаги илк жангида бразилиялик ММАчи Бруно Феррейра билан жанг қилиб, уни нокаутга учратган эди. Кайо Борральо эса фаолияти давомида 15 та жангда қатнашиб, 14 марта ғалабага эришган ва 1 марта имкониятни бой берган. Борральо UFC'да 4 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳмуд Муродов Польшадаги машғулотларини якунлагани ҳақида хабар берилган эди. У 22 июль куни Лондондаги UFC Fight Night турнири доирасида америкалик тажрибали яккакураш устаси Браян Барберенага қарши жанг қилади.
LiveБарчаси
29 Октябрь