Нурсултон Рўзибоев UFC’да “Веном”га ютқазди
Спорт
−
08:23 2201 2 дақиқа
Франция пойтахти Парижда ўтказилган UFC Fight Night турнирида ўзбекистонлик аралаш яккакураш (ММА) жангчиси Нурсултон Рўзибоев навбатдаги жангини ўтказди. Ушбу тўқнашувда унга британиялик Майкл “Веном” Пейж рақиблик қилди.
Ўрта вазн тоифасида ташкил этилган ва 3 раундга мўлжалланган рейтинг жанги тўлиқ давом этди. Биринчи раунднинг илк сонияларидаёқ Рўзибоев рақибини партерга олиб ўтди ва раунд охиригача уни назорат остида ушлаб турди. Иккинчи раундда жангчилар асосан тик турган ҳолатда ҳаракат қилди. Бироқ ҳар иккала спортчининг кучли зарбалари нишонга аниқ тегмади. Учинчи раундда Пейж нисбатан фаолроқ бўлди ва якунда барча ҳакамлар 29:28 ҳисобида ғалабани британиялик спортчига берди.
Бу мағлубият ўзбекистонлик жангчи учун ММА карьерасидаги 9-мағлубият бўлди (унинг ҳисобида, шунингдек, 37 та ғалаба ва 2 та дуранг бор). Шу тариқа, Рўзибоев промоушендаги еттинчи жангида имкониятни бой берди. Эндиликда унинг UFC’даги кўрсаткичлари 5 та ғалаба ва 2 та мағлубиятни ташкил этмоқда.
39 ёшли Пейж UFC’да 2024 йил 9 мартдан бери иштирок этиб келмоқда. Промоушенда у 5 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. У ўзининг охирги жангини 2026 йил 21 март куни Сэм Паттерсонга қарши ўтказиб, ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонган эди. Унинг ММА’даги рекорди 26 та ғалаба ва 3 та мағлубиятдан иборат.