Нукусда рекорд миқдорда алимент пули тўланди
Жамият
−
06 Август 13650 2 дақиқа
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида фуқаро 1 нафар фарзанди учун 2,2 млрд сўмлик алимент маблағини бир кунда тўлаб, рекорд ўрнатди. Бу Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг билдиришича, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Б. дан унинг собиқ турмуш ўртоғининг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун у вояга етгунига қадар алимент ундириш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган бўлиб, бўлим давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларига олиб борилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимига бориб, фарзанди 18 ёшгача тўлгунга қадар тўлаши лозим бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаш истагини билдирган.
Шунда давлат ижроси томонидан қарздорга Вазирлар Маҳкамасининг “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 808-сонли қарорига мувофиқ фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаши мумкинлиги тушунтирилган ва келгуси 13 йил давомида тўлаши лозим бўлган алимент пуллари ҳисоблаб чиқилган бўлиб, у 2 миллиард 270 миллион 812 минг сўмни ташкил этган.
Шундан кейин ундирувчи МИБ Нукус шаҳар бўлимига келиб, ҳисоблаб чиқилган 2 млрд сўмдан ортиқ алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғидан олганини билдириб тилхат берган.
МИБ томонидан нима сабабдан фуқаронинг алимент учун олдиндан тўлов суммаси бу қадар йирик миқдорда ҳисобланганлиги ҳам очиқланди. Қайд этилишича, суднинг қарорига асосан алимент тўлови қарздор фуқаронинг оладиган ойлик иш ҳақи ва даромадлари ҳисобидан ундирилиши назарда тутилган, шу боис олдиндан тўлов суммаси фуқаронинг иш ҳақи миқдори кўп бўлгани учун шундай белгиланган.
Маълум бўлишича, ушбу алимент учун тўланган пул МИБ тарихидаги рекорд сумма ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида Мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздордан пулни ундириш учун қиз бола ролини ўйнаб, “махсус учрашув” ташкил этгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси