Норвегия Украинага митти дронлардан мингтасини текинга беради

Технология

image

Норвегия ҳукумати Киевга мингта Black Hornet учувчисиз учиш қурилмасини текинга беришини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Норвегия Мудофаа вазири Бйорн Арилд Грамнинг айтишича, Украина томони разведка дронларининг олдинги партиясидан жуда мамнун бўлган.

“Black Hornet деб номланган дрон Норвегияда ишлаб чиқарилади ва биз ҳозирда Украинага 1000 та янги дрон тўпламини етказиб берамиз”, дейди вазир. 

Шунингдек, у бу дронлар разведка ва нишонни аниқлаш учун ишлатилишини қўшимча қилган.

Маълумот учун, Black Hornet дунёдаги энг кичик ҳарбий тоифадаги дрон бўлиб, унинг оғирлиги бор-йўғи 32 граммни ташкил этади. Бу типдаги дронлар Норвегиянинг Teledyne FLIR компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Ушбу қурилманинг асосий афзаллиги унинг ҳажмида бўлиб, бундай митти дронлардан ҳар қандай мутахассис бўлмаган аскар ҳам атроф-муҳит ҳақида тезкор маълумот олиш учун ишлатиши мумкин. Ишлаб чиқарувчилар ҳам бу воситани шахсий разведка тизими (PRS) сифатида таснифлаган.

Black Hornet дронлари қурол ташиш учун жуда кичиклик қилади. Бундан ташқари, у ўнлаб километрлаб узоққа уча олмайди. Шу сабабли ундан душманни зарарсизлантиришда фойдаланилмайди. Аммо унинг чўнтакка сиғадиган даражадаги кичик ҳажми туфайли разведка олиб бориш жараёнида катта имкониятларни тақдим этади. Унинг эски модификацияси, ҳатто, бундан икки баравар енгилроқ эди. Янги моделда эса бир қатор функциялар қўшилган. Жумладан, дроннинг парвоз давомийлиги 25 дақиқагача узайтирилган. Максимал парвоз масофаси эса тахминан 1,6 километрни ташкил қилади. Қурилма одатда 10-30 метр баландликда учади ва аэродинамик шакли туфайли ўртача кучли шамолларга бардош бера олади. Максимал тезлигини эса секундига 10 метргача етказиши мумкин.

Дрон икки хил режимда ишлайди. Биринчи ҳолатда у оператор томонидан қўлда бошқарилса, бошқа усулда GPS координаталарига кўра олдиндан белгиланган йўлни кузатиш учун дастурлаштирилиши ҳам мумкин. GPS маълумотларини қабул қилувчи датчик дроннинг ичига ўрнатилган.

Портатив дрондан фойдаланувчи аскарлар учун ушбу қурилма жонли равишда видео узатиши ёки юқори аниқликдаги ҳаракатсиз тасвирлар оқимини етказиб бериши мумкин. Дрон бурнида иккита бошқарилувчи оптик камера ва термал тасвир воситаси ҳам бор. Шунинг учун, унинг ёрдамида тунда ҳам разведка қилиш мумкин.

Қурилма батареяси 20-25 дақиқа ичида 90 фоизгача қувватланади. Ушбу дронлар ҳозирда НАТОга аъзо кўпгина давлатлар, хусусан, Германия, Франция ва АҚШ Қуролли кучлари томонидан фойдаланиб келинади. Иккита дрон, бошқарув панели ва қувватлаш воситасидан иборат тўплаб нархи 40-60 минг долларга баҳоланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Норвегия митти дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг