Нормат Турсунов Навоий ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
05 Ноябрь
53262021 йилдан Навоий вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган Нормат Тўлқинович Турсунов лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 5 ноябрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси бўлиб ўтган. Сессия вилоят сайлов комиссияси раисининг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берилишидан бошланган.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раислигига 30-Тамабахрин сайлов округидан сайланган депутат Алиев Ғофир Қувватович сайланди. Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Шунингдек, сессия давомидаги маслаҳатлашув натижаларига кўра, Нормат Турсунов бир овоздан Навоий вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига (Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш) кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас. Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – 5 йил.
Конституциянинг 123-моддасига кўра, вилоят ҳокимларининг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш киради.
Маълумот учун, Нормат Турсунов давлат солиқ хизматидаги фаолиятини 1994 йилда Тошкент шаҳар Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори вазифасида бошлаган. У 2010-2017 йилларда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосар, Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Турсунов 2017-2018 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, 2018-2021 йилларда эса Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган. 2021 йилдан Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 2022 йилдан эса вилоят ҳокими сифатида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эркинжон Турдимов ва Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Жўрабек Раҳимов Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида ўз лавозимларига тасдиқланган эди.