Норбоева ялпи мажлисни марҳум сенатор Холдоровнинг яқинларига таъзия билдириш билан очди
Жамият
−
26 Август 2021
5415Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис аввалида Сенат раиси Танзила Норбоева сенатор Топиболди Холдоровнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва Фарғона вилояти жамоатчилигига таъзия билдирди.
“Мажлисимизнинг расмий қисмига ўтишдан аввал, етук жамоат арбоби, ҳурматли ҳамкасбимиз Топиболди Холдоровнинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари, яқинлари, қолаверса, Фарғона вилояти жамоатчилигига, жумладан Фарғона вилоятининг барча депутат ва сенаторларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз. Охиратлари обод бўлсин!”, дейди Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 август куни Олий Мажлис Сенати аъзоси Топиболди ҳожи Холдоров 79 ёшида вафот этди.
Топиболди ҳожи Холдоров Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Сенатор сурункали юрак ва буйрак етишмовчилигидан вафот этган.
Маълумот ўрнида, Топиболди Холдоров 1942 йил 1 февралда Фарғона туманида туғилган, вилоятда матбуот ва савдо соҳаларида турли вазифаларда меҳнат қилган. 2000 йилдан 2009 йилга қадар “Нуроний” жамғармаси Фарғона тумани бўлинмаси, 2009-2020 йилларда “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси бўлган. 60 йиллик самарали меҳнат фаолияти даврида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фаол иштирок этиб келган. 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь