Сенатор Топиболди ҳожи Холдоров 79 ёшида вафот этди
Жамият
−
22 Август 2021
6725Бугун, 22 август куни эрталаб Олий Мажлис Сенати аъзоси Топиболди ҳожи Холдоров 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Топиболди ҳожи Холдоров Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари ҳам ҳисобланган. Сенатор сурункали юрак ва буйрак етишмовчилигидан вафот этган.
Қайд этилишича, у Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий илмий ёрдам марказида даволанаётган бўлган. Марҳумнинг жанозаси кечки соатларда унинг хонадонида, Фарғона туманидаги Ёшларобод қишлоғи, Тинчлик МФЙда ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Топиболди Холдоров 1942 йил 1 февралда Фарғона туманида туғилган, вилоятда матбуот ва савдо соҳаларида турли вазифаларда меҳнат қилган. 2000 йилдан 2009 йилга қадар “Нуроний” жамғармаси Фарғона тумани бўлинмаси, 2009-2020 йилларда “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси бўлган. 60 йиллик самарали меҳнат фаолияти даврида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фаол иштирок этиб келган. 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
“Топиболди ҳожи Холдоровнинг нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаётий тажрибаларини фарзандлар тарбиясида, қадриятларнинг сақланиб қолинишида, оила ва маҳаллада тинчлик, хотиржамликни таъминлашда асосий омилга айлантириш борасида олиб борган фидокорона меҳнатлари юксак эътирофга лойиқдир”, дейилади ҳокимлик хабарида.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15