Норбоева олий таълимда коррупция илдиз отиб кетганини танқид қилди
Жамият
−
07 Август 2020
8292Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг 6-ялпи мажлисида мамлакатдаги бирорта олий таълим муассасаси дунёнинг энг кучли олий таълим муассасалари 1000 талигига кирмагани ва мамлакатда ОТМларга киришдан бошлаб, битиргунгача коррупция илдиз отиб кетганини танқид остига олди.
“Таълим тизимини, айниқса, олий таълим коррупция иллатидан буткул ҳалос этишимиз зарур. Таҳлилларга кўра, олий таълимда коррупция ҳолатлари деярли барча босқичларда мавжуд. Талабаликка қабул қилишдан тортиб, ўқиш жараёнидаги синовлар, талабаларнинг ўқиш жойини кўчиришгача бўлган босқичларда кенг тарқалган. Таълим сифатида бу ҳолатлар салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳам туширяпти”, дейди Норбоева.
Танзила Норбоева Сенат қошида халқаро рейтинлар ва индекслар бўйича Миллий кенгашнинг фаолият кўрсатаётгани, бундан буён бу каби масалалар шахсий назорати остида бўлишини алоҳида урғулади.
Мажлисда сенаторлар “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Унда 1997 йилда қабул қилинган қонун бугунга замон талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди. Муҳокамалар давомида Сенат раиси Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг бирортаси халқаро рейтинглардан ўрин олмаганини танқид қилди.
“Бугунги кунда бирорта ҳам олийгоҳимиз дунёдаги кучли 1000 та университетлар рейтингига кира олмаган. 1000 та! Бирортаси кирмаган! Республикамиздаги энг катта олийгоҳ Ўзбекистон миллий университети ҳам жаҳоннинг 30 мингга яқин ОТМларининг глобал рейтингини тузувчи Webometrics халқаро рейтингида 3971-ўринда. Бошқа рейтингларда эса 4080-ўринда туради. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда жаҳон университетлари рейтингида республикамиз олий ўқув юртлари ўрнини ошириш бўйича жиддий чораларни кўришлари лозим.
Бу фақат рейтинг учун эмас, агар сифатни оширадиган бўлсак, у ерда хизмат қилаётган ўқитувчиларимизнинг манфаатларига хизмат қилади, энг асосийси, ёшларимизга замонавий сифатли таълим берилади”, дейди Норбоева.
Ялпи мажлисда сенаторлар “Таълим тўғрисида”ги қонунни маъқулладилар.