Норбоева илк ташрифни Кореядан бошлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлиб турибди. Хоним Норбоева Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери  Мун Хи Санг билан учрашув ўтказди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Кореянинг парламентлараро алоқалари истиқболлари ва парламент аъзолари ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама этилган.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси Президенти Мун Жэ Иннинг сиёсий иродаси ва қатъияти туфайли Ўзбекистон-Корея муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани таъкидланган. 

Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзоларининг “Корея-Ўзбекистон” дўстлиги парламент уюшмаси раиси Бёнг Же Ил иштирокида МДҲ мамлакатлари парламентлари билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро дипломатик форуми раҳбари, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси депутати Чу Ми Э билан учрашуви чоғида ҳам ушбу мавзу давом эттирилди.

Таъкидланганидек, парламентларо муносабатлар нафақат ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, балки сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга бевосита таъсир кўрсатади. 

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасида, жумладан Ўзбекистон Республикаси маҳаллий Кенгашлари депутатлари даражасида алоқалар ривожланишини таъминлашга урғу берилди. Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Корея ўртасида мунтазам парламентлараро мулоқот олиб борилиши ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати  раҳбарияти билан учрашув вақтида делегация аъзоларига Корея Республикасининг сайлов тизими, Президент ва парламент сайловлари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловларнинг ўзига хосликлари ҳақида тақдимот намойиш этилди.

Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун билан учрашди. Унда Тошкент ва Сеул ўртасида дўстлик алоқалари муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида таълим соҳасида амалий ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Бу борада тадбирлар ўтказилиб, икки шаҳар вакилларининг ўзаро ташрифлари мунтазам амалга оширилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг