Норбоева четда томошабин бўлиб турмоқчи эмас (видео)
Жамият
−
30 Сентябрь 2019
6759Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг аёлларнинг рўмоли билан боғлиқ гапларига муносабат билдирди.
“Хабарингиз бор, куни кеча оммавий ахборот воситалари орқали, жумладан ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими ўтказган мажлисда билдирган фикрлари юзасидан материаллар эълон қилинди. Айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан жуда салбий фикрлар билдирилмоқда. Бу ҳолат бўйича бирорта ижобий фикр ўқиганимиз йўқ. Кечадан буён интернет портлади, десак ҳам тўғри бўлади.
Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниев вилоят фаоллари билан бўлган йиғилишда жамоат жойларида юриш-туриш, кийиниш, шу жумладан аёлларнинг рўмол ўраши юзасидан, кескин, таъбир жоиз бўлса, жудаям қўпол, раҳбар, қолаверса, сенатор этикасига мутлақо зид тарзда фикр билдирган”, дейди Танзила Норбоева.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида депутат, сенатор одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги белгиланган.
Сенатнинг 2017 йил 28 мартдаги СҚ-154–III-сонли Қарори билан тасдиқланган Сенат аъзоларининг одоби қоидаларига кўра сенатор ўз фаолиятида жамиятда умумий қабул қилинган ахлоқ-одоб принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек сенатор номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.
Бироқ, Ғаниев на ҳоким, на сенатор ва на оддий раҳбар этикасига тўғри келадиган йўл тутган. Танзила Норбоева бу борада фикрларини давом эттириб, диний эркинлик билан боғлиқ ислоҳотларга тўхталди.
“Диний эркинлик масаласида фуқароларимизга берилаётган имкониятлар, Ҳаж сафарига квота оширилгани, унинг нархи туширилиши, Исло цивилизацияси марказининг қурилаётгани, диний таълим олиш истагидагиларга ҳам кенг имкониятлар яратилаётгани, диний маросимларни ўтказишда ҳам кенг ҳуқуқ-эркинликлар берилаётганига ҳам кўз юмиб туролмаймиз.
Чегерадан чиқиш, раҳбарман деб одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, ўзидан паст турган ходимларни ҳақоратлаш, қўпол гапириш, мен ҳамма нарсани қилавераман деган дунёқараш билан яшаш мутлақо нотўғри”.
Норбоевага кўра, бугун давлат бошқаруви, парламент фаолияти халқ томонидан билдирилаётган фикрлар, талаб ва таклифлар, керак бўлса, эътирозлар асосида юритилмоқда. Шунинг учун раҳбарлар ҳар бир фуқарони тинглаши, уларнинг фадриятларини ҳурмат қилиши керак.
“Ислоҳотларимизнинг янги босқичига ўтганимизда, давлат раҳбаримиз томонидан жуда яхши тамойил эълон қилинган: халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилади. Биз халқ билан мулоқот қилиш орқали, муаммоларни аниқлаяпмиз ва бутун ислоҳотлар халқимизнинг талаб-истакларидан келиб чиқяпти. Булар ўз-ўзидан кабинетларда ёки идораларда ёзилаётган ҳужжатлар эмас. Биз мана шу ислоҳотларни олиб боришда, биринчи навбатда инсонларни ҳурмат қилишимиз керак.
Мен ўзимга айтаманки, ҳар бир раҳбар, у қайси даражадаги раҳбар бўлмасин, ишимизни масъулият билан виждонан бажаришга масъулмиз. Қолаверса, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси миллий урф-одатлари, анъаналари, қадриятларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар бир раҳбарнинг бурчи ҳисобланади”.
Бу биринчиси эмас! Аввалроқ ҳам ҳокимларнинг, хусусан Шуҳрат Ғаниевнинг бошқаларни ҳақорат қилгани билан боғлиқ овозли ёзув тарқалган эди. Бу масалада Сенат Регламент ва одоб комиссиясининг йиғилиши эса биринчи марта ўтказиляпти. Норбоева энди бу мажлис тез-тез ўтказиб турилиши кераклигини айтмоқда:
“Бу комиссия тез-тез йиғилмайди. Шу вақтгача бунга асос бўладиган масала бўлмаган эди. Бундан кейин тез-тез йиғилиб, бундай масалаларни кўриб чиқиш – давр талаби бўляпти. Биз бу масалаларга кузатувчи бўлиб қараб туришга мутлақо қаршимиз”.
LiveБарчаси