Nokia қуввати 44 кунга етадиган “боқий” телефон чиқармоқчи

Технология

image

Интернетда ҳали расман тақдим этилмаган Nokia 300 4G Power Bank тугмачали телефонининг техник хусусиятлари пайдо бўлди. Ушбу қурилма оддий мобил телефон ва ташқи аккумулятор (пауэрбанк) функцияларини ўзида бирлаштиради. Бу ҳақдаги маълумотни X ижтимоий тармоғида “Hmd_Meme's” эълон қилди.

Маълумотларга кўра, янги қурилма QVGA ўлчамли 2,4 дюймли дисплей, 0,3 мегапикселли камера ва 3700 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланади. Ишлаб чиқарувчининг даъво қилишича, телефон кутиш режимида 44 кунгача автоном ишлай олади.

Қайд этилишича, Nokia 300 4G Power Bank қурилмасидан пауэрбанк сифатида фойдаланиш мумкин бўлади ва у 5 Вт гача қувватда тескари зарядлашни (бошқа қурилмаларга қувват беришни) қўллаб-қувватлайди. Телефоннинг ўз-ўзини зарядлаши эса USB-C порти орқали 18 Вт гача бўлган қувватда амалга оширилади.

Шунингдек, телефон корпуси IP65 стандарти бўйича ҳимояга эга бўлиши, 4G тармоғини, 32 ГБгача бўлган microSD хотира карталарини, Bluetooth, қулоқчинлар учун 3,5 ммли улагични, FM-радио ва ўрнатилган медиаплейерни қўллаб-қувватлаши хабар қилинган.

Қурилманинг яна бир ўзига хос хусусияти — пиёда саёҳатлар ва ёрқин ёруғлик талаб қилинадиган бошқа шароитларда фойдаланиш учун мўлжалланган кучли светодиодли (LED) чироқ бўлади. Сизиб чиққан маълумотларга кўра, у iPhone 16 Pro чироғидан икки баравар ёрқинроқ бўлади.

Қурилманинг қачон сотувга чиқиши ва нархи қанча бўлиши ҳозирча аниқлаштирилмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг