Нодавлат мактаб ва боғчалар барча солиқлардан озод қилинади
Жамият
−
23 Ноябрь
13672030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни қабул қилинган “Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.
Унга кўра, 2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади ва унда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.
Шунингдек, 2030 йил 1 январга нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг қуйидаги Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар жиҳозларига божхона тўловлари тўланмаслиги ҳам белгиланди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно):
- замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;
- компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;
- ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар.
- 2025 йил 1 январдан бошлаб:
- нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган педагог хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
- давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилиши ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси