Нобель қўмитаси мукофот ғолиби билан боғлана олмади
Олам
−
08 Октябрь 4974 2 дақиқа
Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатларидан бири Фред Рамсделл билан боғланишни ва унга мукофот олганлик хабарини етказиш имкони бўлмаяпти. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
7 октябрь куни физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинди. Сиэтлдаги Тизимли биология институти ходими Мэри Э. Брунков ҳамда Осака университети профессори Шимон Сакакучига мукофот олгани хабари етказилган. Бироқ Нобель қўмитаси Сан-Францискодаги Паркер ракка қарши иммунотерапия институти вакили Фред Рамсделл билан боғланиб, унга бу хабарни етказа олмаган.
Рамсделлнинг дўсти Жеффри Блюстоуннинг сўзларига кўра, у айни пайтда ташқи дунёдан узилиб, Айдахо штати атрофида саёҳат қилмоқда.
“Мен ўзим у билан боғланишга ҳаракат қилдим. Менимча, у ҳозир Айдахо бўйлаб саёҳат қилмоқда”, дейди Блюстоун.
Шунингдек, Нобель қўмитаси мукофотнинг яна бир соҳиби Мери Бранков АҚШнинг Ғарбий соҳил қисмида яшаши ва Стокгольм билан у яшайдиган манзил 9 соат фарқ қилиши сабабли у билан боғланишда ҳам муаммога дуч келган.
“Мен Рамсделл ва Бранковдан қайта қўнғироқ қилишни сўрайман”, дейди Нобель қўмитаси котиби Томас Перлман матбуот анжуманида.
Бошқа нашрларнинг ёзишича, рафиқаси билан саёҳат қилаётганган Рамсделл билан кейинроқ боғланиш имкони бўлган. Олимнинг рафиқаси телефонини ёққан ва бу хабарни ўқиб, бақириб юборган.
“64 ёшли доктор Рамсделл ўша куни эрталаб ҳеч қандай муҳим телефон қўнғироқларини кутмаган ва у таътилда бўлгани учун офлайн режимда бўлган. Аввалига рафиқаси бақиргани учун айиқни кўриб қолди деб ўйлаган”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Қайд этиш жоиз, қўмита бу ҳолатга биринчи марта дуч келиши эмас. 2020 йилда Боб Уилсонга иқтисод бўйича Нобель мукофоти олганлик хабарини айтиш учун ярим тунда қўнғироқ қилишганида у телефонини ўчириб қўйган. Шундан сўнг, қўмита Уилсоннинг рафиқасига қўнғироқ қилиб янгиликни етказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Физика бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси